Аҳолини рўйхатга олишнинг аҳамиятли жиҳатлари кўп. Бу аввало мамлакат аҳолисининг аниқ сони, жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари ҳақида аниқ ва ишончли маълумот олиш ҳамда бу борада ягона базани яратиш имконини беради.
Бундай комплекс ўрганиш натижасида аҳоли пунктлари ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар тайёрланади. Шунингдек, бу йўналишдаги ишлар ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш, яъни турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, тегишли ҳудудларда уй-жой объектларини қуриш масалаларига ойдинлик киритади. Республиканинг янги мукаммал кадастр харитасини яратилишини таъминлайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси қанча ва бу статистика қандай манбаларга асосланган?
Ўзбекистонда сўнгги бор аҳоли 1989 йилда рўйхатга олинган. Ҳар йили бу борада тақдим этиладиган статистика эса туманлардаги Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этиладиган туғилиш ва ўлим ҳолатлари, қолаверса, юртимизга келувчи ва мамлакатимиздан кетган аҳоли ҳисоб-китоби асосида амалга оширилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар» резолюцияси қабул қилинган. Унга кўра, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар албатта ўз ҳудудларида аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказишлари лозим. Бу тадбирларни юқори савияда ўтказишни таъминлаш мақсадида президент фармони ҳам қабул қилинган. Ҳозирда унинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан аҳолини рўйхат олиш тадбирларини муносиб тарзда ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Дунё амалиётида аҳолини рўйхатга олишнинг бир неча усул ва ёндошувлари мавжуд. Улардан биринчиси анъанавий усул бўлиб, унда респондент билан бевосита боғланиб, электрон ёки қоғоз шаклда сўровнома ўтказилади.
Иккинчи ёндошув идоравий маълумотлардан фойдаланиш усулидир. Бунда турли идораларда мавжуд бўлган электрон маълумотлар базасидан фойдаланилади.
Учинчи ёндошувда эса бир вақтнинг ўзида анъанавий ва идоравий усулдан фойдаланилади.
Ҳозирда мутахассислар юртимизнинг турли ҳудудларида бу усулларнинг қай бири самарали бўлишини ўрганган ҳолда, аҳолини рўйхатга олиш ишларини олиб бориш тадбирларининг режасини ишлаб чиқишмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда мазкур жараён учун 265 кун талаб этилади. Бу тадбирни ўз вақтида самарали ўтказиш учун ўқитувчи, талаба ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган кўнгиллилар жалб этилиши ва сўровномаларда АКТ ютуқларидан кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, юртимизда бошқа ҳеч бир давлатда учрамайдиган ноёб тузилма - маҳаллалар мавжудлиги ҳаммага аён. Аҳолини рўйхатга олиш ишларида ундаги жамоатчилик, посбонларга ҳам алоҳида вазифа ва масъулият юкланади.
Туман статистика
бўлими бошлиғи
в.в.б М.Сафаров
09.08.2019 й