28 328 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Кармана туман ҳокими Ф.Умаровнинг байрам табриги

Ассалому алайкум, Азиз аёллар!
Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни эзгулик ва гўзаллик байрами 8 март - “Халқаро хотин-қизлар куни” билан туманимиз фаоллари, кенг жамоатчилик номидан самимий муборакбод этаман!
Энг гўзал ойнинг энг нафис байрами - хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда. Жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир.
Азиз опа-сингиллар!
Аёллар шарафига Тожмаҳаллар қурилган, бир дона ҳолига гўзал шаҳарлар фидо қилинган, шоирларга энг шоҳ сатрлар илҳомини берган, хукмдорларга улкан шаҳарларни обод этиш ғайратини бахш этган аёл зотини улуғлайдиган кунларимиз бор бўлсин!
Ҳалқимизда “Отаси яхши-биттаси яхши, онаси-яхши ҳаммаси яхши” деган нақл бор. Жами фазлу яхшилик аёлдан бошланади. Дарҳақиқат, аёлга нима керак? Аёлга бахт, меҳр ва муҳаббат керак! Ҳар бир аёл ўз оиласи, қўрғони, кўнгли тинч, юрти ва фарзанди омон, бошида турган бошпаноҳи-турмуш ўртоғи соғ бўлса, ҳамиша ўзида яшашга, турмушда катта ўзгаришлар ясашга куч топа олади.
Боболаримиз эътироф этганларидек, ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик, мардлик, олийжаноблик сари чорлайдиган, сабр-тоқат, садоқат соҳибаси бўлмиш аёлнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.


Бу кўҳна тарих Тўмарис, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Увайсий, Зулфия, Саида Зуннуновадек буюк аждодларимизнинг миллатимиз шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир. Улуғ момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этаётганидан беҳад фахрланамиз.
Фарзандлар бахтидан, нуроний отахон ва онахонларнинг ҳурмат иззат топишидан, оиланинг бекам-кўстлигидан, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, турмуш фаровонлигидан биринчи навбатда оналар манфаатдордир.
Ҳурматли онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Жаннатмакон юртимиз – қадимий ва навқирон, Карманамизнинг шон-шарафини тобора юксалтиришда жонкуярлик қилаётган, ҳалол ва самарали меҳнатлари билан эътирофга сазовор бўлаётган хотин-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бораётгани барчамизни қувонтирмоқда.
Бугунги кунда туманимизда ижтимоий ҳаётининг энг муҳим соҳаларидан бўлган халқ таълими тизимида, соғлиқни сақлаш тизимида, маданият, санъат соҳаси ва бир қатор тизимларида ҳам аёлларимиз юқори фоизларни ташкил этаётганлиги сафимизда нечоғли салоҳият эгалари борлигини кўрсатиб турибди.
Туманимизда тадбиркорлик ҳаракатини олиб бораётган, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлидаги ҳиммати билан ном таратаётган қанчадан қанча тадбиркор аёлларимизни туманимиз иқтисодиётининг равнақига салмоқли ҳисса қўшаётганини ва уларнинг сони йил сайин ортиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз албатта. Давлатимиз раҳбарининг паррандачилик ва лимонария ташкил этиш йўли билан оилалар фаровонлигини юксалтириш, аёлларнинг фарзанд тарбияси билан уйғун равишда ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш борасидаги ислоҳотларни амалга оширишга “лаббай” дея жавоб бериб, ўз тадбиркорлик ишини бошлаб юборган опа-сингилларимизнинг ташаббускорлигини доимо қўллаб-қувватлаймиз.
Сизлар келажакда ҳам давлат ва маҳаллий дастурларда белгиланган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, давлат ва жамият бошқарувида дадиллик, шиддат ва нафосатни, ор-номус ва ҳаёни ўзингизга байроқ қилиб фаоллик кўрсатишлариингизга ишонаман.
Мамлакатимизда билимли, оқила, ҳар томонлама тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган зукко қизларимиз сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Уларнинг фан-таълим, адабиёт, санъат, маданият соҳаларида эришаётган муваффақиятлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Хотин-қизларимизни спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳам нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни лол қолдимоқда десам асло муболаға бўлмайди.
Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, шу юртнинг оғир-енгилини умр бўйи елкасида кўтариб келган, хонадонларимизнинг файзи ва кўрки бўлган азиз ва мўътабар онахонларни рози қилиш, дуосини олиш – дунёдаги энг улуғ мақсадимиздир.
Туманимизда барча оналар бугунги кунда фарзандлари, невара, чеваралари қувончи билан, эл-юрт ардоғида яшамоқдалар. Кўплаб нуроний онахонларимиз фарзандларига ҳаётий тажриба ва билимларини ўргатиб, ҳаётнинг оғир енгилига тайёрлаб бораётганлари алоҳида эътиборга лойиқ.
Юртимизнинг шундай онахонлари борки, уларнинг номи бутун бир тарих саҳифаларини безашга, келажак авлодга ибрат қилиб кўрсатишга арзийди, эзгу ишлари эса юрти учун фахр-ифтихор намунаси бўла олади.
Сўзимнинг якунида туманимиздаги барча меҳрибон опа-сингилларимизга Яратгандан сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Яна бир бор айёмингиз муборак бўлсин!

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
7.03.2021 йил