ТАДБИРКОРЛИК: СОҲАДА ҚАНДАЙ ИМТИЁЗЛАР БОР?

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг вилоятимиздаги ижроси юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда ҳудуддаги 30 дан ортиқ газета таҳририятлари вакиллари, ўнга яқин республика газеталари вилоят мухбирлари иштирок этди. Тадбирда Фармон ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар хусусида вилоят Божхона, Солиқ бошқармалари, Савдосаноат палатаси раҳбарлари ва ходимларининг маърузалари тингланди. Сўзга чиққанлар томонидан Фармон асосида табиркорларга яратилган кенг имкониятлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида қилинаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Шундан cўнг, тадбирнинг савол-жавоблар қисмида журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган масалалар хусусида мутасаддиларга мурожаат қилишди.

– 2017 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлар экспорт шартномаларини мажбурий тарзда божхона органларида ҳисобга қўйиб келишаётган эди, – деб таъкидлаб ўтди ўз маърузасида вилоят божхона бошқармаси ходими В. Алибоев. – Эндиликда бу амалиёт давлат интерактив хизматларидан фойдаланган ҳолда, интернет орқали амалга оширилаяпти. Илгари тадбиркорлар ўз маҳсулотларини экспорт қилаётганда баъзи бир тегишли сертификатлар 3 кун муддатда тақдим этиларди. Айни пайтда бу муддат 1 кунга қисқартирилди. Умуман олганда тадбиркорларга божхона тизмида яратилган барча имкониятлар уларнинг вақтини ва маблағини тежашга хизмат қилмоқда, дейиш мумкин.

Анжуман якунида мазкур Фармоннинг вилоятимиздани ижроси хусусида тегишли ижро органлари билан матбуот анжуманларини мунтазам равишда ташкил этишга келишиб олинди.

О. ШУКУРОВ.

15.02.2017