ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ ҲИССИ

26 Мустақиллик йилларида ёшлар камолотига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг таълим олишлари, эркин ва баркамол шахслар бўлиб вояга етишлари учун барча шароитлар яратилди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида  тизимда туб ислоҳотлар амалга оширилиб, барча фанларни чуқур ўрганиш, айниқса чет тилларини ўзлаштириш устувор белгиланди. Бинобарин, бугунги давр талабини ҳисобга олганда ҳам чет тилини ўрганишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, истиқлол ёшларимизга чет давлатларда таълим олиш имкониятларини туҳфа этиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциясини таъминлаш, республиканинг жаҳондаги мавқеи ва обрў-эътиборини  мустаҳкамлашда чет тили беқиёс аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам бугунги кунда, ҳаттоки, мактабгача таълим муссасасидан бошлаб, бутун ўн икки йиллик мажбурий таълим давомида олий ўқув  юртларида чет тилини ўқитиш кенг кўламда йўлга қўйилган.

Мен фаолият олиб бораётган Навоий тиббиёт коллежида ҳам чет  тилини ўқитиш ва ўқувчиларнинг чет тилидаги оғзаки ва ёзма нутқини  ўстириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Авваламбор, таълим жараёнлари барча қулайликларга эга синф хоналарида олиб борилиб, замонавий ахборот воситалари ва компьютер технологияларидан кенг фойдаланилаяпти. Боиси, аудио ва видео  воситалари чет тилини ўргатишнинг энг самарали усулларидан бири сифатида ўқувчи талаффузини равонлаштиради.

Маълумки, чет тили дарсларини ташкил этиш, уни самарали усуллар билан олиб бориш жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Ўқувчилар билан мулоқотга киришиш анча қийинчиликлар туғдиради.  Бундай мулоқот жараёнида турли ахборотлар узатилади, ўз  навбатида ахборотни қабул қилиб олган киши ушбу ахборотга ўз  муносабатини билдириши талаб қилинади. Таъкидлаш керакки, чет тили дарсларида ташкил этиладиган мулоқот ўқувчиларнинг ўқув фаолиятини тўғри ва самарали ташкил қилишни, уни изчиллик билан бошқаришни,  ўқитувчининг ўқувчи билан ўзаро фикр алмашинувини ҳамда ана шу мураккаб жараёнда ўқувчиларнинг ёзма ва оғзаки  нутқ малакаларини шакллантиришни, уларни ривожлантиришни кўзда тутади. Бугунги кун шу жараёнларни ҳисобга олган ҳолда биз педагоглардан ўз устимизда тинимсиз ишлашни, ўқиб-ўрганишни талаб этади. Бугун биз дарсларни оддийгина усул билан олиб  бора  олмаймиз. Ҳар  бир дарсда биз бирор бир  педагогик технологиядан фойдаланишимиз зарур. Шундай усуллардан бири дарсда дидактик сўзлар ўйинининг ташкил этилиши ва унинг муваффақиятли ўтказилиши ўқувчилар онгли фаолиятининг фаоллашуви, билимларни пухта эгаллаш воситаси сифатида муҳим рол ўйнайди. Шунингдек,  ўқувчиларнинг чет тилига бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилади. Бундай ўйинларда иштирок этиш ўқувчиларда жамоа  бўлиб ишлаш, дўстона муносабатда бўлиш, диққат-эътиборини жамлаш, хотирани мустаҳкамлаш хусусиятларини ривожлантиради. Дарс жараёнида дидактик ўйинлар ўқувчиларнинг  чет тилидаги нутқни эшитиш, ундан хулоса чиқариш қобилиятларини тарбиялайди, ўқувчиларнинг нутқ маданиятини оширади. Ўқув жараёнида дидактик ўйинларнинг тўғри ва самарали ташкил этилиши дарсда ўтилган мавзуларни эслаб қолиш, ўқув материалини тез ўзлаштириш, уларни онгли равишда, ёддан такрор айтиб бериши орқали хотирани мустаҳкамлаш, ўрганилган сўз ва ибораларни ўз нутқларида қўллаш малака ва кўникмаларини шакллантиради ҳамда маълум даражада ривожлантиради.

Мустақил Ватанимизнинг  равнақи учун келажак ёшларимиз тўла билимли, зукко ва дунё тан оладиган мутахассис  бўлиб етишишлари учун чет тилларини билиш инкор этиб  бўлмайдиган талаб эканлиги ҳозирда ҳар бир шахс  тўла англаб етган ҳақиқатдир. Айни дамда бу ҳақиқат биз педагогларнинг зиммамизга янада юксак масъулият юклайди. Аммо биз бундай бурч ва масъулиятдан асло чарчамаймиз, аксинча, шундай касб эгаси эканлигимиздан фахрланиб, юксак куч-ғайрат билан ишлаймиз. Мустақил Ватанимиз равнақи учун баркамол шахсларни тарбиялаб бераётганлигимиздан ниҳоятда мамнунмиз.

Сабоат  ХЎЖАНАЗАРОВА,

Навоий  тиббиёт

коллежи  ўқитувчиси. 

03.04.2017