- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 528
Туманимизда “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти томонидан кўргазма-ярмарка ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 майдаги “Қишлоқ хўжалигини ўз вақтида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбирда “Тошкент агрегат заводи”, “Чирчиқ қишлоқ хўжалик техникаси заводи” акциядорлик жамиятлари, “Агрохим” қўшма корхонаси ҳамда “Чирчиқмашагро” масъулияти чекланган жамияти ва қатор маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Вилоятда фаолият юритаётган қишлоқ хўжалик корхоналари, фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластери вакиллари замонавий, самарадорлиги юқори, тежамкор ва ихчам техникаларнинг афзаллиги билан яқиндан танишди.
Ярмарка давомида тўғридан-тўғри ҳамда лизинг шартлари асосида харид қилиш бўйича 35 та зарур техникаларга буюртмалар берилиб, 10 дан ортиқ шартномалар имзоланди.
Дарҳақиқат, жорий йил бошидан бери “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти Навоий филиали томонидан вилоятдаги 177 та фермер хўжаликларига 240 та қишлоқ хўжалиги техникалари, турли агрегат ва қўшимча воситалар етказиб берилган.
Ўз мухбиримиз.
15.10.2018
- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 504
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 март куни вилоятимизга ташрифи давомида воҳа қишлоқ хўжалигида сув танқислиги, тупроқ шўрланиши каби муаммоларни олимлар иштирокида ҳал этиш, бу борада илмий изланишлар олиб бориш белгиланган эди
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси вилоят бўлими томонидан амалга оширилаётган илмий-амалий тадқиқотлар ана шундай масалалар ечимига қаратилган. Бўлимда давлат илмий-техник дастурлари доирасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган бир қанча лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Хусусан, М. Усмоновнинг “Бентонит гилларидан фойдаланиб капсулаланган чигит уруғларини ишлаб чиқариш ва пахтачиликда жорий қилиш” ҳамда Т. Нурмуродовнинг “Паст навли фосфоритлардан ер тарқоқ элементларини ажратиш билан кимёвий тоза аммоний ва кальций фосфат тузларини олишнинг юқори самарали чиқиндисиз технологиясини ишлаб чиқиш” мавзуларидаги амалий лойиҳаларига давлат томонидан 180 миллион сўм маблағ ажратилиб, шу асосда саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.
— Амалий ишларимиз қишлоқ хўжалигида синаб кўрилмоқда, — дейди тадқиқотчи М. Усмонов. — Изланишлар натижасида бентонит гиллари сувда эркин тўйиниши, намни ўтказишга имконият яратиши аниқланди. Навоий, Тошкент, Наманган, Сурхондарё вилоятлари далаларида экилган, ушбу кукун билан қобиқланган чигит ҳосилдорликни ошириб, сувни тежашда яхши самара берди.
— Кўпинча тупроқ диагностика қилинмай, ўсимликларнинг минерал озуқага бўлган эҳтиёжини текширмасдан ерга ўғит бериб, хатоликларга йўл қўйганмиз, — дейди карманалик фермер Ғ. Пўлатов. — Бентонит кукуни билан қобиқланган чигитни қадаганимиздан кейин бу йилда сув танқислиги, қурғоқчилик сезилмади, ғўзалар турли касалликлардан ҳимояланди.
Фанлар Академиясининг вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги “Илғор технологиялар” маркази азот ўзлаштирувчи ризобактериялар ассоциацияси ўртасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилда олимлар томонидан азотли ва фосфорли ўғитлар сарфини камайтириш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишга имкон берадиган биоазот биопрепарати кашф этилди. Қизилтепа тумани ҳокимлиги томонидан ажратилган 5 гектар ерда синаб кўрилган мазкур препарат ўсимликларнинг меъёрий ўсиши ва ривожланиши учун муҳим озуқа элементлари, намлик ва ҳаво билан таъминлай олиши исботланиб, тупроқларнинг унумдорлигини белгиловчи асосий омил сифатида фермерларга тавсия этилди.
— Қишлоқ хўжалигидаги муҳим муаммолардан бири тупроқ шўрланиши ҳисобланади, — дейди бўлимнинг фермерларга амалий ёрдам ва консалтинг хизматлари маркази раҳбари Ш. Рустамов. — Статистика маълумотларига кўра, республикамизда суғориладиган майдонларнинг 70 фоизга яқини шўрланган. Бу ҳолат нафақат ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ёки ҳосилдорлиги, балки тупроқ унумдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Марказимиз тадқиқотчилари тупроқ структураси ва таркиби ҳақидаги маълумотлар асосида бирламчи ва такрорий экинлар экишга тавсиялар бериш, ўсиш жараёнини илмий кузатиш, илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан яратилган дори воситалари, препаратлар ва ўғитларни фермерлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришга эътибор қаратиб келмоқда. Жорий йилда Навоий электрокимё заводи билан тузилган меморандумга асосан “Элсмик-А”, “Элсмик-Б”, “Калий-UM микроэлементлар билан” ҳамда “СИП-70 инсектицид” каби дори воситалари яратилиб, ер эгаларига тақдим этилди. Дорилар тупроқ таркибини яхшилаш, шўрланишдан сақлаш, юқори самарали кенг спекторли зараркунандаларга тез таъсир этиши билан бирга сув мувозанатини таъминлайди.
Фанлар Академияси вилоят бўлими ташкил этилганига бир йил тўлди. Шу қисқа вақтда профессор-олимлар қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига амалий кўмак бериш юзасидан фермерлар ҳамда томорқа ер эгалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Бундай ҳамкорлик эса илмий-амалий изланишлар самарасини таъминлаяпти.
Ҳилола ИСМАТОВА,
журналист.
15.10.2018
- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 590
Мамлакатимизда жорий йилнинг 5 сентябрига қадар “Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик” эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги қарорига кўра мазкур даврда ғўза майдонларида кафолатланган ҳосил етиштириш мақсадида кенг кўламли агротехник тадбирлар ташкил этилади.
Дарҳақиқат, вилоят ҳокими Қ. Турсунов ҳудудларда ғўза парваришининг ташкил этилиши билан танишиш мақсадида ўтган ҳафта туманимизда бўлиб, фермер хўжаликлари фаолиятини кўздан кечирар экан, айрим далаларда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш масалаларига эътибор қаратди ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда 2018 йил ҳосили учун 33 минг 288 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Бугунги кунда ушбу майдонларнинг 17,1 минг гектари 5-6 кўсак, 16,2 гектари 7-8 кўсак фазасида ривожланаяпти. Ҳудуддаги мавжуд 804 дона культиватор ишини отряд усулида унумли ташкил этиш орқали июль ойи давомида бир кунда 2739 гектар, мавсум бошидан 70,7 минг гектар ғўза майдонларида қатор ораларига ишлов бериш ишлари олиб борилди.
Ғўзани чеканка қилиш ишлари бугунги кунга қадар 31,7 минг гектар (95,2 фоиз) майдонларда амалга оширилди. Ғўза парваришида шу кеча-кундуздаги энг муҳим масала ҳисобланган суғориш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, олинаётган сувдан унумли фойдаланишнинг барча чоралари кўрилмоқда. Хусусан, жорий йилда кузатилаётган сув ресурслари танқислиги даврида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, айниқса, пахтачиликда эгилувчан қувурлар орқали суғориш тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, вилоятдаги 292 та фермер хўжалиги билан “Ўзмашлизинг” АЖ ўртасида тузилган қиймати 217 миллион сўмлик шартнома асосида 201 та қувур комплектлари олиб келинди ва фермер хўжаликларига етказиб берилди.
Бундан ташқари, ҳар бир сектор раҳбари томонидан ғўза парваришининг тизимли ташкил этилишини таъминлаш мақсадида фермер хўжаликлари кесимида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, шу асосда тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Пахта хомашёсидан кафолатланган ҳосил олиш юзасидан амалга оширилаётган бу каби долзарб саъй-ҳаракатларнинг қатъий назорат остида ташкил этилаётгани келгусида кўзланган натижаларга эришилиб, хирмоннинг баракали бўлишини таъминлайди.
Ш. ИБРАГИМОВ.
10.08.2018
- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 399
Жорий йил пахта йиғим-терим мавсумига пухта тайёргарлик кўрилиб, пахтакорларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани мавсум муваффақиятли ўтишида асосий омил бўлаётир. Туманимиз миришкорлари ҳам айни жараёнга муносиб ҳисса қўшишмоқда. Ҳудудда 5559 гектар майдонга чигит қадалган бўлиб, давлатга пахта топшириш режаси 16 минг 308 тоннани ташкил этади.
Ҳосилни нест-нобуд қилмай териб олишда фермер хўжаликлар аъзолари билан бирга уюшмаган аҳоли, кўнгилли ҳашарчиларнинг хизмати катта бўлмоқда. Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш учун 108 та терим отряди ташкил этилиб, уларга 7600 нафар теримчи бириктирилган. Эътирофлиси, биринчи теримданоқ пахта топшириш режасини уддалаётган фермер хўжаликлари сони ортиб бормоқда. “Ҳазора гултожи”, “Нуртош ая” ҳамда “Музаффар Истамов” фермер хўжаликлари шулар жумласидан.
— Чигитнинг “Бухоро-6” навидан эккандик, — дейди биз билан суҳбатда фермер М. Истамов. — Агротехник тадбирларнинг кечиктирмай олиб борилгани ҳосилдорликни таъминлаб, ҳозир гектаридан режамиздаги 25 центнер ўрнига 33-34 центнердан ҳосил олаяпмиз. Буларнинг бари меҳнатимиз самараси.
“Кумушкон” маҳалласида яшовчи Ҳикмат Юсупова 60 ёшда. Кўнгилли тарзда теримга чиққан ая кунига 80-90 килограммдан пахта тераяпти. Унга ҳавас қилиб, уйда бекор ўтиришни истамай ёрдамга чиққан хотин-қизлар ҳам кўп.
— Меҳнат қилиб, роҳатини кўраяпмиз, — дейди илғорлардан яна бири Н. Жамилова.— Уй бекасиман. Пахта териб, рўзғорга ҳам фойдам тегса деб чиққандим. Кунига 100-120 килограммдан тераяпман. Юртимиз пахта хирмони юксалишида ҳиссамиз қўшилаётганидан мамнунмиз.
“Фирдавсбек Маржона” фермер хўжалигида ҳам етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари қизғин бораётир.
— Деҳқончиликда ишнинг кўзини билиш, ҳисоб-китобни тўғри юритиш жуда муҳим, — дейди хўжалик раҳбари К. Самандаров. — Бунда катта тажрибага эга отам билан бамаслаҳат иш тутишда ҳаётий ҳикмат бор экан. Об-ҳаво шароити ҳар қандай тажрибали деҳқонни ҳам шошириб қўяди. Чигитни ерга қадашдан тортиб, уни парваришлаш, белгиланган агротехник тадбирларни вақтида ва меъёрида ўтказиш анча машаққатли кечди. Аммо қаловини топсанг, қор ҳам ёнади дегани шу бўлса керак. Шукурки, ҳаракатларимиз бесамар кетмади. Ҳосил мўл бўлди. Жорий йилда 30 гектар майдонда маҳаллийлаштирилган, сувсизликка чидамли, ўғитларни тез ўзлаштирувчи “Кармана С-01” навли ғўзани парваришладик. Мавсум бошлангандан буён 10 гектардан ортиқ майдондаги “оқ олтин”ни териб олдик. Ҳар бир гектаридан 40 центнергача ҳосил олаяпмиз. Хўжаликда пахтани нест-нобуд қилмасдан ўз вақтида териб олиш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, 150 нафарга яқин теримчининг овқатланиши, далага бориб-келиш ҳамда иш ҳақларини ўз вақтида олиши бўйича зарур чоралар кўрилган. Бунга вилоят прокуратураси, ички ишлар ходимлари бириктирилган. Илғор теримчилар ҳокимлик совғаларига лойиқ кўрилмоқда. Улар орасида ҳатто меҳнат фахрийлари ҳам бор.
2015 йилда ташкил топган хўжаликда кўнгилли теримчилардан Ўрозгул Камолова кунига 240-250 килограмм пахта териб, барчани ортда қолдираяпти.
— Қишлоқда тонг эрта бошланади, назаримда, — дейди Ў. Камолова. — Саҳардан кимдир тўйга, кимдир бозорга ошиқади. Ҳамма ўз юмуши билан банд. Юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик одамлар ҳаётида ўз аксини топган. Бир неча йил “Navoiyazot” АЖда ишчи бўлиб ишладим. Яқинда пенсияга чиқдим. Менинг болалигим пахта даласида ўтган. Биз пахта одамдан азиз бўлган оғир даврларни кўрганмиз. Бугун ҳаёт умуман бошқача. Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Буни пахта мавсумида теримчилар учун яратилган шароитдан ҳам билса бўлади. Ҳуқуқ ва манфаатларимиз тўлиқ ҳимоя қилингани бизни янада илғор ишлашимизга туртки бўлаяпти. Илгари теримчиларга муносиб ҳақ тўланмаган. Еб-ичиш, яшаш шароитлари тўлиқ яратиб берилмаган. Жорий йил бу камчиликлар, хатоликларга йўл қўйилмаяпти.
Бир сўз билан айтганда, мавсумни самарали ўтказишда фаол иштирок этаётган ҳар бир кишининг шижоати етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай териб олишда бободеҳқонга қанот бўлаётгани билан бирга юрт хирмонини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
З. БОБОЕВА,
Х. НАРЗИЕВА.
Суратлар муаллифи С. АСЛОНОВ.
15.10.2018
- Подробности
- Категория: Qishloq xo'jaligi
- Просмотров: 1419
Сўнгги йилларда сайёрамизда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, табиат мувозанатидаги кутилмаган оғишлар дунё ҳамжамиятини ўйлантираётган турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шулардан бири сув масаласидир. Бу, айниқса, қишлоқ хўжалиги учун трансчегаравий сувлардан фойдаланадиган мамлакатларда яққол сезилаяпти.
Халқимизда “Сув — зар, сувчи — заргар” деган гап бор. Ушбу фикр қанчалик аҳамиятли эканлигини бугун мамлакатимиздаги ҳар бир деҳқон ҳис қилаяпти. Негаки, жорий йилда иқлимнинг қурғоқчил келиши кўплаб қишлоқ хўжалиги ходимларини ўйлантириб қўйди.
Албатта, ҳар бир экиннинг униб чиқиши, ривожланиши ва мўл ҳосил бериши агротехник тадбирлар билан бирга аввало сувга боғлиқ эканлигини барчамиз биламиз. Аммо эътиборсизлик ёки малакасизлик, ҳатто уқувсизлик оқибатида далаларни керагидан ортиқ кўллатиб суғориш, бунинг натижасида қўшни фермерларнинг экин майдонларини сувсиз қолдириш, тақсимот тенглигини таъминламаслик ҳолатлари яқин вақтгача кузатилиб келинаётган эди.
Шу каби камчиликларни бартараф қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида сувдан оқилона, тежаб, янги технологияларни жорий қилган ҳолда фойдаланиш, ғўза парваришида зарур агротехник тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ҳудудлардаги пахта далаларига чиқиб, зарурий маслаҳатларни бериб боришмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари Аҳад Аҳмедов, Фарҳод Қувватов ва Ўткир Турсуновлар бир неча кундан буён туманимиздаги фермерларнинг экин далаларида бўлиб, хўжалик ишчилари, айниқса сувчиларга яратилиб берилган шароитлар, қисқа-қисқа ўқариқлар олиниб, суғориш тизимининг йўлга қўйилганлик ҳолати, сувдан оқилона фойдаланиш борасида бажарилган ишлар билан танишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, энг намунали сувчиларга совғалар тарқатилди.
— Сув қанчалик қимматли неъмат эканлигини ҳар бир деҳқон ҳис қилиши лозим, — дейди Ф. Қувватов биз билан суҳбатда. — Шунинг баробарида қишлоқ хўжалиги тизимида янги технологияларни жорий қилиш, кам сув сарфлаб кўп ҳосил олишга интилиш вақти келди. Президентимиз кўп бора таъкидлаганларидек, пахта далаларидаги ҳар бир ишни, агротехник тадбирлардан то суғоришга бўлган жараёнларни илм-фан ва тажриба билан бажарсак, албатта, юқори натижаларга эришамиз. Кармана туманига қишлоқ хўжалиги учун сув қўшни туманлардан оқиб келади. Яқинда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Қизилтепа туманида Франция давлати кредит маблағи иштирокидаги “Навоий” насос станциясини қайта тиклаш” лойиҳаси доирасида олиб борилган реконструкция ишларининг биринчи босқичи якунланиб, 6 та агрегат ишга туширилди. Муқаддам 12 та “24 НДС” русумли насос қурилмаси ўрнатилган станциянинг сув чиқариш қуввати 18 метр куб сонияни ташкил қиларди. У Аму-Бухоро магистраль каналининг Шофиркон шохобчасидан сув олиб, Қизилтепа ва Кармана туманларининг Маликчўл массивидаги 18 минг 100 гектар майдонини обиҳаёт билан таъминлаган. Узоқ йиллар давомида ишлатилиши натижасида ускуналар эскириб, қуввати пасайиб кетганди. 15 миллион 42 минг АҚШ доллари қийматидаги ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини ошириш ҳамда деҳқончиликни янада ривожлантиришга замин яратади.
— Бир неча йилдан буён сувчиман, — дейди туманимизнинг “Малик” маҳалласидаги “Дониёр ота” фермер хўжалиги сувчиси Паҳлавон Соҳибов. — Шу пайтгача ҳеч ким биздан ҳол-аҳвол сўраб келмаган. Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари пахта даламизгача келиб, биз билан суҳбатлашгани, ҳаёт тарзимиз, шарт-шароитларимиз билан қизиққанлиги, ўз маслаҳат ва ёрдамини берганлиги бизни ўз ишимизга янада масъулият билан ёндошишга, бир томчи сувни ҳам исроф қилмасликка ундайди.
Бир сўз билан айтганда, озиқ-овқат хавфсизлиги деган тушунча ҳаётимизга тобора кенгроқ кириб бораётган бугунги даврда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи учун фақатгина тегишли мутасаддилар эмас, ҳар бир фуқаро ўз томорқаси мисолида ҳисса қўшиши, сувдан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиши лозим. Шундагина кўзланган мақсадга етамиз.
З. РАЖАБОВ.
03.08.2018