02.11.20Карманада 15 нафар маҳкум муддатидан аввал озод қилинди

 

Мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, қилмишидан асдойдил пушаймон бўлган маҳкумларни муддатидан олдин озод қилиш ва уларнинг жамиятнинг фаол аъзоси бўлишларига имкониятлар бериш, шунингдек, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, жиноят ишлари бўйича судлар, сайёр қабуллар бевосита маҳаллаларда ўтказилаётгани аҳолининг ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Кармана туманидаги “Деҳқон” МФЙ биносида ўтказилган жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг сайёр суд мажлиси ҳам жиноятчиликка оид қонунларимизнинг асосий тамойили инсонпарварлик эканлигига мисол бўла олади. Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси Ж.Каримов ва судьяси А.Сайдуллаев томонидан ўтказилган сайёр судда жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилишни сўраган 15 нафар маҳкум ва маҳкумаларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.
Мурожаатлар мазмунан атрофлича ўрганилиб чиқиб 15 нафар жазони ўтаётган махкумлар тузалиш йўлига кириб, ижтимоий меҳнатга нисбатан бўлган муносабати ижобий томонга ўзгарганлиги, ўрнатилган тартиб-қоида талабларни бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги боис ўталмай қолган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Шунингдек, сайёр судда иштирок этган бошқа фуқароларнинг судларга тааллуқли масалалар бўйича мурожаатлари ҳам қабул қилиниб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғоялари асосида маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, фуқароларнинг маънавиятини ҳамда уларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини янада юксалтириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни-моҳияти суд амалиётидаги мисоллар билан тушунтириб ўтилди.
Сайёр суд сўнгида маҳаллаларда огоҳликка, хушёрликка, атрофдагиларга бефарқ бўлмасликка ундайдиган тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказишга доир маслаҳатлар берилди.

 

Жасурбек МАВЛОНОВ, Жиноят ишлари бўйича
Кармана туман суди судья ёрдамчиси.
02.11.2020 йил