9000Ёғ, шакар, тухумнинг нархи ошганлиги сабаблари ўрганилди

 

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ички бозордаги асосий турдаги истеъмол товарларининг чакана нархлари доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати маълум қилишича, сентябрь ойининг охирги ўн кунлигида ички бозорлардаги айрим турдаги истеъмол товарлари нархларининг ошиши кузатилди.
Хусусан, кунгабоқар ёғининг чакана нархи сентябрь ойининг бошига нисбатан 11 500 сўмдан 15 000 сўмга (ўсиш 30 фоиз), шакар маҳсулотининг нархи 6 000 сўмдан 7 000 сўмга (ўсиш 15 фоиз) ҳамда парранда тухуми нархи 1000 сўмдан 1300 сўмга (ўсиш 30 фоиз) ошган.
Ушбу истеъмол товарлари нархлари ошиши сабаблари қуйидагича изоҳланади.

а) Кунгабоқар ёғи бўйича:
Республикада бугунги кунда 40 дан ортиқ кунгабоқар ёғи ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд. Шу билан бирга, жорий йилнинг 9 ойи давомида 177 минг тонна кунгабоқар ёғи импорт қилинган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга кўп.
Кунгабоқар етиштирувчи асосий йирик давлатлардан бири ва республикага импорт қилинадиган маҳсулотнинг асосий қисми келадиган Россия Федерациясида кунгабоқар ҳосили жорий йилда ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кам бўлиши кутилмоқда. Россияда 2019 йилда 15,3 млн тонна кунгабоқар етиштирилган бўлиб, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 13,5 млн тонна атрофида прогноз қилинмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, маҳсулотнинг нархларига таъсир этди, хусусан, Россия бозорида август ойида бир тонна кунгабоқар ёғи
750-800 долларни ташкил этган бўлса, ўтган ҳафтада нархлар 985-1050 долларни ташкил этиб, нархлар ўртача 30 фоизга ошган.
Бундан ташқари, Россия ички бозорида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун кунгабоқарнинг етишмаслиги сабабли, маҳсулот экспортининг 4 йилга чекланиши масаласининг кўриб чиқилиши ҳам маҳсулот нархларининг шаклланишига таъсир қилган.

б) Тухум бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги фармонига мувофиқ, четдан келтириладиган парранда озуқаси ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари учун жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи тўланиши кўзда тутилмоқда, бу эса ушбу маҳсулотлар нархларининг 15 фоиз ошишига олиб келади.Чунки бозор иштирокчилари ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда нарх белгиламоқда.
Парранда озуқа базасининг асосий қисмини буғдой, соя шроти ва маккажўхори хом ашёси ташкил этиб, ушбу маҳсулотларнинг нархлари йил бошидан ўртача 10 фоизга ошган.Масалан, юқоридаги маҳсулотлар ичида соя шроти асосан импорт маҳсулот ҳисобланиб, йил бошида 1 кг нархи 0,47 долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 0,51 долларни ташкил қилмоқда.
Жорий йил июн-июль ойлари мобайнида 14 дан ортиқ йирик паррандачилик корхоналарида боқилаётган 1,8 млн. бош қари товуқлар янги жўжаларга алмаштирилганлиги маҳсулот ишлаб қиқариш ҳажми кескин камайишига олиб келган.
Бундан ташқари, валюта курсининг йил бошидан 8,5 фоизга кўтарилиши ҳам импорт кунгабоқар ва соя шроти ҳамда бошқа озуқавий қўшимчалар нархининг ошишига таъсир қилган.
Шунингдек, “Паррандасаноат” уюшмаси томонидан ўтказилган ижтимоий сўровлар натижалари жорий йилда аҳолининг истеъмол саватида тухумга бўлган талаб 12 фоизга ошганлигини кўрсатмоқда.

в) Шакар бўйича:
Бугунги кунда республикада 2 та корхона шакар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келади, уларнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 690 минг тоннани ташкил қилади, бунда ишлаб чиқаришда асосан импорт асосида олиб келинадиган шакар хом ашёсидан фойдаланилади.
Бундан ташқари, 100 дан ортиқ юридик шахслар томонидан шакар маҳсулоти мунтазам импорт қилиниб келинмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг 9 ойи давомида 82 минг тонна шакар импорт қилинган бўлса, жорий йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 288 минг тоннани ташкил этди.
Шу билан бирга, қўшни давлатлардаги ноқулай об-ҳавонинг шакар етиштириш учун зарур бўлган қанд лавлаги хом-ашёси сифатига кескин таъсири туфайли бу йилги ҳосилнинг паст бўлиши кутилмоқда.
Натижада август ойининг бошида 1 кг шакарнинг нархи ўртача 29 рублни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 39 рублни ташкил этмоқда (ўсиш 34 фоиз). Яъни шакар нархининг ошишига импортдан келтирилаётган шакарнинг нархи кўтарилиши сабаб бўлган.
Бугунги кунда, “Хоразм шакар” МЧЖ ва “Ангрен шакар” МЧЖларда 40 минг тонна тайёр шакар захиралари мавжуд бўлиб, мунтазам равишда биржа орқали сотилмоқда. Жорий йилнинг август ойида маҳаллий шакарнинг улгуржи нархи биржа савдоларида ўртача 5840 сўм бўлган ва ҳозирги кунда 6585 сўмни ташкил қилмоқда.