Ягона меҳнат2020 йил 1 январь. Меҳнат муносабатлари соҳасида узоқ кутилган, кўп муҳокамага сабаб бўлган “Ягона миллий меҳнат тизими” ишга туширилди. Бошқача айтганда, шу санадан бошлаб меҳнат шартномалари ва дафтарчаларини юритишда электрон тизимга ўтилди. Даставвал унинг қулайлиги хусусида. Ягона миллий меҳнат тизимини ишга тушириш орқали Республикада мавжуд иш ўринлари хусусида шаффоф маълумотларни олиш имкони яратилади. Шунингдек, унинг ёрдамида қайси мутахассислик бўйича қанча инсон меҳнат қилаётгани хусусидаги рақамлар ойдинлашади, касбларга талабни мониторинг қилиш мумкин бўлади ва албатта, қоғозбозликка барҳам берилади.


Хўш, бу муҳим, масъулиятли жараён учун ким жавобгар, уни амалга ошириш мехнизмлари қандай? Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 31 октябрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ИДАК)ни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида “Ягона миллий меҳнат тизими” ИДАКни бошқариш дирекцияси ташкил этилди ҳамда у малакали мутахассислар билан тўлдирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий қилинишини ва унинг ишлашини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 971-сонли қарори талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Дирекция негизида вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари учун “Ягона миллий меҳнат тизими” ИДАКдан фойдаланиш кўникмаларини ўргатиш бўйичасеминар-тренинглар ташкил этилмоқда.
Бунга қўшимча, кадрлар билан ишловчи мутахассислар учун махсус телеграм гуруҳи (https://t.me/c/1360612248/46739) ташкил этилган бўлиб, у орқали мунтазам равишда мурожаатлар қабул қилинади, зарур ҳолларда электрон меҳнат шартномасини тўлдириш, электрон меҳнат дафтарчасини юритиш юзасидан йўл-йўриқлар берилади. Шунингдек, (71) 200-70-30 рақамли техник қўллаб-қувватлаш хизмати фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Агар ходимларда ягона миллий меҳнат тизимидан фойдаланиш жараёнида бирор савол юзага келса, мазкур тармоқларга мурожаат қилишлари мумкин!
Жорий йилнинг 7 январь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Ягона миллий меҳнат тизимини жорий қилиш чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда таъкидланганидек, бугунги кунда республикамизда 650 529 та хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд. 2019 йилнинг декабрь ойида республикамиз бўйлаб 811 та семинар ташкил этилган, мазкур тадбирларда 48 876 та корхона, шулардан 22 033 та давлат корхоналари ва 25 536 та хусусий корхоналар жалб қилинди. 2020 йил 6 январьҳолатига кўра, тизимга 11777 та корхоналар томонидан 142 946 нафар ходим тўғрисида маълумот киритилган. “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорнинг 3-бандига мувофиқ,2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатларини “Ягона миллий меҳнат тизими” ИДАКда мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилади.
Бунда 2020 йил 1 январга қадар тузилган амалдаги меҳнат шартномалари 2020 йил 1 сентябрдан кечиктирмасдан “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Манба: Ish.Mehnat.uz