Саммет расмиЎзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида 29 ноябрь куни бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви якунлари хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий доиралари, эксперт-таҳлил ҳамжамиятлари ва оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинмоқда. Россия, АҚШ, Европа, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида Тошкент саммити натижалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақа тараққиёти йўлида янги форматдаги мулоқотни ташкил қилиш тўғрисидаги ташаббуси аҳамияти ҳақида сўз юритилмоқда.
Хусусан, ташқи сиёсат, халқаро хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳаларидаги масалаларни ўрганувчи Карнеги фондининг Москва маркази томонидан машҳур сиёсатчи, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари бўйича мутахассис А.Дубновнинг Тошкент саммитига бағишланган мақоласи чоп этилди.


Муаллиф мақолада Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви минтақада ўтказиладиган бошқа кўп қиррали тадбирлар ичида алоҳида, муҳим сиёсий аҳамиятга эга эканига эътибор қаратади.

Унда қуйидагилар қайд этилади: “Минтақа давлатлари раҳбарлари илк бор Марказий Осиё муаммоларини дўстона ва конструктив руҳда муҳокама қилишга тайёр эканини намойиш этишди. Бу, ўз навбатида, минтақавий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш аввалги уринишларга қараганда муваффақиятли бўлишига умид уйғотади”.
Сиёсатчининг фикрича, Тошкент саммити иштирокчилари таркибининг ўзи тадбирнинг аҳамиятидан, муҳимлигидан далолатдир. Қозоғистон Республикси пойтахти Нур-Султон шаҳри (аввалги Остона)да 2018 йилда ўтказилган ушбу форматдаги биринчи учрашувдан фарқли тарзда, Ўзбекистонда ташкил этилган саммит тўлиқ таркибда, яъни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокида бўлиб ўтди. Саммитда Қозоғистон номидан мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев иштирок этди.
А.Дубнов саммитнинг яна бир ўзига хос жиҳатини қайд этади: "Ушбу мулоқот формати мунтазамлик хусусиятига эга. Тошкент саммити мезбони, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилганидек, учинчи Маслаҳат учрашуви келгуси йил Бишкек шаҳрида ўтказилади”.
Сиёсатчи “Марказий Осиё мамлакатлари учун умумий муҳокамалар платформасини яратишга бўлган уринишлар илгари ҳам бўлган эди”, дея тарихий воқеаларни ёдга олади.
1994 йилда таркибида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бўлган Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ташкил этилган эди. Саккиз йилдан сўнг, 2002 йилда Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти пайдо бўлди ва 2004 йилда унга Россия аъзо бўлди. Бир йилдан сўнг ташкилот Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти таркибига киради.
Муаллиф, аввалги тажрибадан келиб чиқиб “Нима учун минтақадаги собиқ иттифоқ давлатларини мувофиқлаштириш бўйича жорий интилишлар муваффақиятли кечади, дея умид қилиш керак?” деган саволни ўртага ташлайди.
Жавоб мақоланинг кейинги сатрларида баён қилинади. А.Дубновнинг таъкидлашича, Тошкент тутумига кўра, минтақада “тузилма эмас, мулоқот майдончаси” ташкил этилмоқда. Бу минтақа мамлакатлар учун сув-энергетика, хавфсизлик, ўзаро савдо ва гуманитар соҳалардаги муҳим масалаларни ишончли тарзда муҳокама қилиш имконини беради”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев инсонларнинг эркин ҳаракатланиши ва юкларнинг бемалол ташилишида тўсиқ бўлаётган чегара тартибларини бекор қилиш, ўтказиш пунктларидаги расмийлаштириш жараёнларини соддалаштиришни назарда тутган ҳолда, “тўсиқсиз” Марказий Осиёни шакллантиришга бўлган интилишини маълум қилди.
Мақола муаллифининг фикрича, минтақани бирлаштириш бўйича аввалги саъй-ҳаракатлардан фарқли ўлароқ, бугунги кунда Марказий Осиёда бунинг учун қулай шароит яратилган.
А.Дубнов илгари “Ҳар бир давлат ўзича яшар эди. Улар ўзи учун хорижий андозаларни яратиб олган ва шулар орқали фаровонликка эришишга умид қиларди”, “Иттифоқдан мерос бўлиб қолган делимитация қилинмаган чегаралар маданий муносабатларни ўрнатиш йўлидаги асосий тўсиқ бўлди”. Минтақа мамлакатлари ўртасида бошқа тортишув ва зиддиятлар ҳам юзага келди, деган қарашларини билдиради.
“Шундай бўлса-да, Марказий Осиё ҳамкорлигининг бош асосчиси ҳисобланган Ўзбекистон умидсизликка тушмади. Минтақавий ҳамкорлик масаласи мамлакатнинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёевнинг устувор мақсадларидан бирига айланди”.
Эксперт «Шавкат Мирзиёев минтақада Ўзбекистон сиёсатини кескин ўзгартирди ва бунинг учун ноодатий ёндашувларга ҳам тайёр эди”, деб қайд этади.
Сиёсатчининг фикрича, барча саъй-ҳаракатлар туфайли Тошкент саммити қарама-қарши ва бегоналашиш кайфиятидан мутлақо озод бўлиш имконини берди. Давлатлар раҳбарлари ўз муаммолари бўйича тушунтириш беришга тайёр эканини кўрсатдилар. Бу, аввало, минтақа мамлакатлари хавотирига сабаб бўлаётган Марказий Осиё сув-энергетика ресурслари масалаларига тааллуқли.
«Бошқа масалалар ҳам тинч йўл билан ва конструктив тарзда муҳокама қилинди. Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим муаммо сифатида қайд этилди. 2025 йилга келиб минтақа аҳолисининг 78 миллионга етишини инобатга олган ҳолда иш ўринлари яратиш ишларини жадал тусда олиб бориш зарурлиги таъкидланди. Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик, иқтисодиётда “қўшимча қиймат занжирини шакллантириш”га қаратилган кооперация лойиҳалари ҳақида сўз борди”.
Шавкат Мирзиёев Тошкентда минтақа мамлакатлари учун инвестициявий форум ташкил этиш таклифини илгари сурди. Ҳатто, Марказий Осиёнинг ягона туристик брендини яратиш зарурлиги таъкидланди. Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчасини олдинги йиллардаги муваффақиятсиз уринишлардан сўнг янгиланиб бораётган Марказий Осиёнинг ўзига хослигини топиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар деб аташ мумкин”.
А.Дубновнинг фикрича, ушбу вазиятда муваффақиятлар гарови масаласига ойдинлик киритиш долзарблигича қолмоқда.
У “Саммит конструктив руҳда ўтгани қайд этилмоқда, уни ҳақиқатдан ҳам муваффақиятли деб атаса бўлади. СССР парчалангач, минтақада бу каби ҳодиса ҳали рўй бермаган эди”, деб қайд этади. Шунингдек, минтақа давлатларининг самарали ҳамкорлигига умид билан қарайди.
Сиёсатчи Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви формати қандайдир янги минтақавий ташкилот тузиш ҳақида гапиришга асос бўла олмайди”, деган гапларидан иқтибос келтиради. Шунингдек, ушбу форматдаги мулоқот кимнингдир манфаатларига қарши қаратилмаганини айтади. Марказий Осиё умумминтақавий масалаларни биргаликда ҳал қилишга интилаётганини билдиради. Минтақанинг бугуни ва эртанги куни, барқарорлиги ҳам шунга боғлиқ эканини алоҳида қайд этади.

Манба: Uza.uz