Бандлик очилиш1

Давлатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги байрами арафасида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази янги бинода фаолият бошлади.


Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва бу орқали оилалар фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли соҳа ва йўналишларда ташкил этилаётган янги иш ўринлари ёшлар, қолаверса, иш топишда қийналаётган ҳамда меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар учун ҳаётда ўз ўринларини топишларида имконият эшикларини очиб бераяпти.
Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази янги биносининг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар ушбу имкониятлар хусусида тўҳталиб ўтишди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 январдаги “Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг 1 миллиард 150 миллион сўм маблағи ҳисобига қад ростлаган ушбу бино “Бизнес дизайн строй” МЧЖнинг тажрибли қурувчилари томонидан қисқа муддатда, юқори сифатда қуриб битказилди.
— Янги бинода барча қулайликлар мужассам, — дейди туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Ф. Рахматов. — Эндиликда мурожаат қилувчи фуқаролар шу жойнинг ўзида ҳудудимиздаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар, айрим тоифа инсонларга иш ўрни ажратилишидаги имтиёзлар билан тўлиқ танишишлари мумкин. Қолаверса, хоналарнинг ёруғ ва шинамлиги ҳам ходимларимиз иш самарасини оширишга хизмат қилади.
Марказ биносининг тантанали очилиш тадбиридан сўнг байрам дастурхони ташкил этилиб, бир пиёла чой устида юртимиздаги ўзгаришлар хусусида суҳбатлашилди.


Мадина ЯКУБОВА.
Сурат муаллифи
Дониёр РАВШАНОВ.