7“ЁШЛАР МЕҲНАТ ГУЗАРИ” — ЁШ АВЛОДНИНГ ҲУЗУРИ

Бугун дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам ишсизлик муаммоси мавжуд. Жумладан, юртимизда ҳам ҳамма ўзи истаган, эгаллаган соҳа бўйича ишлаш имкониятига эга эмас. Хусусан, кейинги йилларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш бирмунча қийин бўлди. Касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизларни ёлғондакам ишга жойлаштириш, қоғоздагина уларнинг бандлигини таъминлаш ҳолларига кўникиб ҳам қолдик.

Бекорчилик эса ҳеч қачон, ҳеч кимга яхшилик олиб келмаган. Натижада ёшлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони ошди.  Қайси бир йигит иш излаш баҳонасида хорижга кетиб, ё соғлигидан айрилди, ёки ёт ғояли оқимлар таъсирига тушди, қайси бир қиз эса ўзбекона шарм-ҳаё ва ибо-ҳаёни унутиб, бегона юртларда дарбадар бўлди.  Хуллас, муаммо муаммоларни  келтириб чиқарди.

Шукурки, бугун бу муаммоларнинг ҳам­маси бартараф этилишига умид уйғонди, ишонч пайдо бўлди. Энг муҳими, амалий ҳаракатга киришилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан тасдиқланган “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури ҳақиқатан ҳам келажак ворислари ҳаётида янги бурилиш ясади. Мазкур дастур ижросини таъминлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда уйма-уй юриб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар билан юзма-юз суҳбатлашди, уларнинг орзулари, режалари билан танишди, муаммоларини ўрганди. Жараёнда вилоятимизнинг мингдан зиёд ёшлари “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури мазмун-моҳиятини англаб, шу асосда бизнесини бошлаш ёки ишга кириш режасини тузиб, чет элларга ишлагани кетиш фикридан қайтгани қувонарлидир, албатта.

 Дарҳақиқат, ўз юртида ишлаши, эмин-эркин яшаши, бир сўз билан айтганда бахтга эришиши учун барча имконият ва шароитлар яратилган инсон хорижда бахт излаб нима қилади? Жойларда барпо этилаётган “Кавор­кинг маркази” ва “Ёшлар меҳнат гузари” комплекси кабилар уларнинг орзулари рўёбига кафолат бўлади, десак муболаға эмас. Шибзон маҳалласида барпо этилган “Ёшлар меҳнат гузари”ни кўриб, биз бунга яна бир карра амин бўлдик.

Шибзон маҳалласи Жалойир қишлоғида жойлашган. Бир пайтлар таниқли журналист Ашурали Жўраев киндик қони тўкилган мазкур қишлоқ ҳақида, у ердаги оғир шароит, меҳнатдан зада бўлиб, рўшнолик кўрмай яшаётган қишлоқдошлари тўғрисида таъбир жоиз бўлса, исён қилиб очерклар ёзган эди. Ҳозирчи? Энди бу қишлоқни шаҳардан асло фарқламайсиз. Равон йўллар, шинам уй-жойлар, замонавий сервис шохобчалари, қис­қаси, кўрганда кўз қувнайди. Ёш тадбиркор Элдор Мансуров барпо этган “Ёшлар меҳнат гузари” ана шу кўркам қишлоққа чинданда ярашган бир маскан бўлди.

— Президентимиз ташаббуслари билан жорий этилган “Ёшлар – келажагимиз” дастури биз ёшларга шижоат, янги ғоялар бағишлади, — дейди Элдор. — Аслида маҳалламизда савдо мажмуаси ва ошхона қуришни режалаштирган эдим. “Ёшлар – келажагимиз” дастури билан танишгач, Юртбошимиз мен каби тадбиркор ёшлардан умид қилаётганларини, уларнинг ишончини оқлашим зарурлигини англадим. Тикувхона ва сартарошхона очишни режалаштирдим. Бу ғоям туман ҳокимлигига, дастур ижроси бўйича тузилган штаб аъзоларига ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгашидагиларга маъқул бўлди. Мени қўллаб-қувватлашди ва тижорат банкидан 600 миллион сўм кредит олишимга амалий ёрдам кўрсатишди. Аҳамиятлиси, кредит кафолати, яъни гаровининг 50 фоизига “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси кафил бўлди. Туман ҳокими қарори билан “Кармана Элдорадо” хусусий корхонамиз ёнида бизга қўшимча бино ва жой ажратилиб, “Ёшлар меҳнат гузари”ни барпо этдик.

“Ёшлар меҳнат гузари”нинг очилиш маросими шибзонликлар, қолаверса, бутун Жалойир аҳли учун байрамга айланди. Шу куни гузардаги тикув цехига ишга жойлашган 30 нафарга яқин хотин-қизга меҳнат дафтарчалари топширилди. Хитойда ишлаб чиқарилган тикув дастгоҳларида бежирим кийим-кечакларни тикаётган қизлар ўз қишлоғида мана шундай замонавий корхона қурилганидан чексиз мамнун.

— Коллежни тугатганимга беш йил бўлди, — дейди Зарина Нарзиева, — шунча пайтдан буён ишсиз эдим.  Қишлоғимизда тикув цехи очилгани мен каби ишсизлар учун катта имконият бўлди. Ўз қўлимиз билан шунақа чиройли либослар тикаётганимизга ишонгимиз келмайди.

Жорий йилда Кармана саноат иқтисодиёт коллежини битирган Ораста Маҳмудова ҳам Зарина каби суюниб гапиради.

“Ёшлар меҳнат гузари” комплексидаги сартарошхона ва савдо мажмуаси ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш билан бирга қишлоқ аҳолиси учун катта қулайлик бўлди. Туманимизда яна 7 та ана шундай Ёшлар меҳнат гузарлари барпо этилиши режалаштирилган.

Холбиби САФАРОВА.

Суратлар муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

10.08.2018