1 га давр ва ислоҳот 11 га давр ва ислоҳот 2

Вилоят божхона бошқармаси ташаббуси билан Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда воҳамиз ҳудудидаги тадбиркорлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти ҳамда божхона, ички ишлар, адлия ва солиқ бошқармалари, вилоят прокуратураси масъул ходимлари, шунингдек, бош имом-хатиб сўзга чиқиб, юртимизда коррупция, порахўрлик ва таъмагирликнинг ҳар қандай кўринишларига қарши кескин кураш олиб борилаётганлиги ҳақида тўхталдилар.

— Коррупция иллати бугунги кунда жамиятимиз тараққиётига рахна солаётган жиддий муаммо эканлиги ҳеч кимга сир эмас, — дейди вилоят божхона бошқармаси масъул ходими А. Назаров. — Бу бизнинг соҳамизда ҳам учраб туради.

Бугунгунги кунда божхона фаолиятида унга қарши кураш юзасидан янги тартиблар ишлаб чиқилаётгани, мижоз ва ходим ўртасидаги муносабатлар интерактив усулда электрон тарзда йўлга қўйилаётгани ушбу масала ечимида муҳим омил бўлаяпти. Келгусида ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади.

Бир сўз билан айтганда, янгича дунёқарашга эга бўлсаккина, бундай иллатлардан қутула оламиз.

Очиқ мулоқотда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, соҳага оид тегишли норматив ҳужжатлар қабул қилинганлиги, аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш-тарғибот ишлари юритилаётганлиги қайд этилди. Айни пайтда, маҳаллий ҳокимият идоралари, айниқса, таълим ва тиббиёт тизимидаги айрим мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан ўз хизмат вазифаси, ваколатларидан порахўрлик, таъмагирлик йўлида фойдаланиш, коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка, фирибгарликка қўл уриш ҳолатлари камаймаётганлиги танқид қилинди.

Учрашувда ушбу масалага қонунчилик, ҳуқуқий, психологик жиҳатдан ва диний нуқтаи назардан баҳо берилди. Соф виждонли, чин эътиқодли киши ҳеч қачон бировдан таъма қилмаслиги, ҳалол ризқ топиш, борига қаноат этиш каби инсоний фазилатлар инсоннинг қадрини ошириши ҳақида фикрмулоҳазалар билдирилди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан ёшларимизни ҳалоллик, ростгўйлик, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, миллатимиз келажагига, унинг хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция иллатидан навқирон авлодни асраб-авайлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўз мухбиримиз.

03.08.2018