0403148МУҲИМ ВАЗИФАЛАР

БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Яқинда туман ҳокимлигида одам савдоси ва ушбу иллатнинг олдини олишга хизмат қиладиган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди. Уни вилоят ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Содиқова олиб борди. Бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган, инсонларнинг ҳаётига дахл қилаётган иллатлардан бири, шубҳасиз, одам савдосидир. Жаҳон майдонида бу иллатга қарши кескин кураш олиб борилаётган бўлса ҳам, унинг қурбонига айланаётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Жумладан, юртдошларимиз ҳам ишлаш мақсадида чет давлатларга ноқонуний чиқиб, одам савдосининг гирдобига тушиб қолаётганлиги аччиқ ҳақиқат. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда одам савдоси билан боғлиқ 22 та ҳолатда жабрланганлар аниқланганлиги ҳам фикримиз исботидир.

Н. Содиқова ўз сўзида шулар хусусида тўхталиб ўтар экан, бугунги тезкор даврда фуқароларни турли иллатлардан ҳимоя қилиш учун аввало уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, чет элларда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардорлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

— Бугун ҳеч ким “Мен одам савдоси қурбонига айланмайман” дея айта олмайди. Негаки, айрим манфур кимсалар томонидан инсонларни алдаш орқали бу иллат гирдобига тортишнинг турли йўллари қўлланилаяптики, баъзилар сотилиб кетаётганлигини сезмай ҳам қолаяпти. Хўш, одам савдосига қарши қандай курашмоғимиз керак, деган савол барчамизни ўйлантирмас экан, бу каби йиғилишларимиз самарасиз бўлиб қолаверади. Шунинг учун аввало, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходим ва вакиллари, кекса отахону онахоналаримиз фаоллик кўрсатишлари керак, — дейди туман ҳокими ўрин­босари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Шерматова.

Йиғилишда бошқалар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Якунда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Дилнавоз ЯКУБОВА.

26.06.2018