1 ga rasim Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишла­ри чекка-чекка ҳудудларда ҳам жадал давом этиб, жойларда аҳоли учун кенг қулайликлар яратилаяпти. Вилоятимизда янги-янги объектлар қад ростлаётгани шаҳар-туманлар файзига ўзгача шукуҳ бағишламоқда.

Ўтган ҳафта воҳамизда 4 та замонавий объект бир кунда фойдаланишга топширилди. Кенг жамоатчилик, корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этган тантанали тадбирларда вилоят ҳокими Қ. Турсунов қатнашиб, халқаро андозадаги муассасалар, улардаги шарт-шароит ва имкониятлар, қулайликлар борасида сўз юритди ҳамда барчани қутлади.

Туманимизнинг “Сардоба” маҳалла фуқаролар йиғинида “Қалдирғоч” нодавлат мактабгача таълим муассасаси қуриб битказилди. 120 ўринга мўлжалланган муассаса жами 2 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига тадбиркор Мавлуда Мўйинова томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Замон талабидаги ушбу муассаса аҳолига ҳар томонлама қулайлик туғдирмоқда.

— Бизнинг маҳалламизда ҳам замонавий боғча барпо этилганидан мамнунман, — дейди маҳалла фуқароси Г. Сайфуллаева. — Боғчадаги барча қулайликлар фарзандларимизнинг баркамол вояга етиши, эртанги катта ҳаёт йўлида зарур билим ва кўникмаларни эгаллашида муҳим омилдир. Айниқса, тарбиячиларнинг олий маълумотли ва тажрибали мутахассислар экани мени қувонтирди. Эртамиз эгаларининг келажагини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар учун Президентимизга раҳмат айтаман.

Тадбиркор яқинда муассаса атрофидаги 10 сотих ерга қўшимча иссиқхона ташкил этишни ҳам ният қилган.

Айни кунда вилоятимизда 26 минг нафар болажон мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Эндиликда 10 минг ўринга мўлжалланган 118 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш ишлари юзасидан амалий ишлар олиб борилаяпти. Жумладан, бугунга қадар 80 нафар тадбиркорга туман ва шаҳар ҳокимлари қарорлари билан ер майдонлари ажратиб берилди.

Ҳозирда 23 нафар тадбиркор томонидан қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Ушбу муассасалар йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Ўз мухбиримиз.