DSC 0371

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга кўра 18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни сифатида белгиланган эди.

Мамлакатимизда бу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш, кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш, шунингдек хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини ошириш бўйича самарали ва сифатли янги тизим шакллантирилди.

Бугунги кунда Кармана тумани Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимида томонидан ҳам ҳудудда жойлашган кўп қаватли уй-жойларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси таъминоти ҳамда бошқа коммунал хизматларнинг сифатини яхшилаш борасида эътирофли ишлар амалга оширилмоқда.

— Туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Сардоба” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 26 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари мукаммал таъмирдан чиқарилди, — дейди бўлим бошлиғи Мақсуд Эгамов. — Яроқсиз ҳолга келиб қолган дераза ромлари замонавийсига алмаштирилди. Ушбу ишларни амалга ошириш учун 18 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бундан ташқари, ушбу маҳалладаги 7 та кўп қаватли уйнинг том қисми 100 миллион 700 минг сўмга профностиль қопламаси билан таъмирланди. Бу каби чора-тадбирлар куз-қиш пайтида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишда муҳимдир.

Бўлим томонидан жорий йил сўнгига қадар яна 7 та уйнинг том қисмини мукаммал, 34 уйнинг том қисмини жорий таъмирлаш, 69 та уйда жами 81 та кириш йўлакларига темир эшиклар, чироқлар ўрнатиш ва бошқа шу каби ишларни бажариш кўзда тутилган.

Соҳа ходимлари туманимиздаги маҳаллаларда бўлиб, уй-жойлар атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, энг муҳими инсонларда  “Шу уй меники, унинг тоза-озодалигига мен жавобгарман” деган туйғуни шакллантириш юзасидан учрашувлар ҳам ўтказмоқда. 

Ўз хизматлари билан фуқаролар яшаш шароитларини яхшилашга ҳисса қўшаётган соҳа ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этамиз.

Темур БАЙБИКОВ.

24.04.2018