1        КЎНГИЛЛАРГА ШОДЛИК  УЛАШИБ, ХУШ КЕЛИБСАН ЮРТИМГА, НАВРЎЗ!

Қишнинг изғиринли кунлари ортда  қолиб, кўнгилларга қувонч улашганича  юртимизга баҳор кириб келди.  Кўкламнинг мўъжизакор қудратидан куч  олган бутун борлиқ яшилликка йўғрила  бошлади: дов-дарахтларга қайта жон  кирди, бодом ва ўрик дарахтлари  аллақачон оқ кўйлак кийиб, келинчак  мисоли бош эгиб турибди гўё. Атрофда  гуллар ифори, хуш ёқувчи баҳорий  насим инсониятга кўкламнинг саломини  етказаётгандек.

 

Чиройини кўз-кўз қилган ҳолда илиқ нафаси ила табиатни уйғотиб, юртимизга кириб келган баҳор ўзининг ёқимли тафти билан бутун борлиққа, шунингдек, инсонлар қалбига ҳарорат улашаётган сахий қуёш билан биргаликда Наврўзга пешвоз чиқди.

Табиатнинг юзидаги уйғониш, жилмайиш инсонларнингда чеҳраларига кўчган. Мана шундай гўзал ҳислар оғушида кекса отахонлару онахонлар қўлларини дуога очган ҳолда миллий қадриятимиз – Наврўзи олам юртимизга қутбарака олиб келгани рост бўлсин, дея шукроналик билдиришмоқда. 

Эҳ, нақадар шукуҳли бу кунлар! Байрамлар  байрамларга, шодликлар  қувончларга уланаяпти. Халқимизда яхши инсон кўзидан, яхши йил Наврўзидан маълум, деган гап бор. Ушбу йил Наврўзининг келиши ҳам ўзгача: қуёштоб жойларда қоқиўтлар юз кўрсатди. Бу чўпоннинг чорвасига, деҳқоннинг хирмонига барака  инишидан, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлишидан далолат, албатта.

Наврўзда нафақат олам ва табиат, балки кўнгиллар ҳам яшаради, қишнинг изғиринли кунларидан ортмоқлаб келган ғамларимиз ҳаёт ишқи билан алмашади. Атрофдаги яшилликка боқиб кўзларимиз қувонгани қувонган. Шу боисдан қон-жонимизга сингиб кетган миллий байрамимизни кўкламнинг илк кунлариданоқ интиқлик билан кутамиз.

Айни кунларда юртимизнинг ҳар гўшасида кўкламнинг келиши, айниқса, миллий байрамимиз – Наврўз айёми кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳда нишонланаётир.

Жумладан, туманимизда ҳам бунга қизғин тайёргарлик кўрилди. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра байрам қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида умумхалқ сайллари шаклида нишонланди.

17 март куни эрта тонгдан атрофга таралган карнай-сурнай садолари барча ҳазораликларни Наврўз сайлига чорлади. “Ҳазора оқшоми” тантаналар уйи олдида ташкил этилган сайл ўзгача руҳда ўтди. Ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан миллий анъаналаримизни, қадриятларимизни акс эттирган кўргазма ташкил этилди. Унда ҳунармандлар яратган буюмлар, қўлигул аёлларимиз тайёрлаган каштаю сўзаналар, миллий таомларимиз, урф-одатларимиз намойиш қилинди.

— Ҳазораликлар учун кўкламнинг ҳар бир куни байрам — дейди Ҳазора қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Туробов. — Чунки, баҳор яхши келса, мўл-кўлчилик бўлади. Чўпону деҳқоннинг умиди шундан. Ҳар йили Наврўз байрамини ўзгача нишонлашга ҳаракат қиламиз, ёшларга миллий қадриятларимизни ўргатишга яна бир имконият туғилади ушбу кунларда. Гувоҳи бўлиб турганингиздек, бугун ҳам байрамни катта хурсандчилик билан нишонламоқдамиз.

Туман маданият ва спорт ишлари бўлими ҳамда 2-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби бадиий жамоаларининг чиқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Байрамда дастурхон ёзилиб, халққа ош берилди.

Обод маҳаллаларда яшаётган нуроний отахону-онахонларимиз гўзал ва бетакрор бу айём ташрифига шукроналар айтиб, “Дастурхонимиз янада қут-баракали, хонадонларимиз файзли, осмонимиз мусаффо, элимиз омон бўлсин!” дея дуога қўл очишмоқда.

18 март куни Маликработ қўрғон фуқаролар йиғинида яшариш ва янгиланиш байрами — Наврўз катта тантана билан нишонланди.

Тадбирда Сардоба маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Маҳмудов сўзга чиқиб, маҳалла аҳлини қутлуғ шодиёна билан муборакбод этди. Бай­рам арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, боқувчисини йўқотган ёлғиз кексаларга совғалар улашилди.

Ёш спортчилар, полвонларнинг чиқишлари тантанага ўзгача файз киритди. Байрам дастурхонига миллий таомларимиз — ҳалиса, сумалак, ҳалим ва кўклам пишириқлари тортилди.

Туман маданият ва спорт ишлари бўлими санъаткорлари куй-қўшиқлари кўнгилларга бир олам қувонч улашди.

— Умримнинг 68 баҳорини қаршиладим, — дейди Бекмурод бобо Аслонов. — Ана шундай тинч ва фаровон юртда яшаётганимизнинг ўзи бир байрам. Бугунги тантанага набираларимни ҳам олиб келдим. Уларга Наврўз халқимизнинг энг қадимий шодиёнаси эканлигини таъкидлайман.

Дарҳақиқат, одам ва олам уйғунлигининг улуғ неъматидан барчани баҳраманд этувчи мазкур байрам ҳар бир қалбга ўзгача жозиба ва сурур бағишлайди.

Ҳа, Наврўз халқимизнинг баҳор байрами сифатида минг йиллар мобайнида инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнат­севарлик каби қадриятларини намоён этган ҳолда нишонланиб келинаётир. Бу байрамни айниқса, болажонлар интиқлик билан кутишади. Чунки, улар ушбу кунларда варрак учиришиб, “Ланка”, “Чиллак”, “Беш тош”, “Оқ теракми-кўк терак?” каби миллий ўйинларимизни ўйнаб, қувнаб яйрашади.

19 март куни туманимиз марказидаги “Ёшлик” ўйингоҳида бўлиб ўтган сайлга келганлар осмонимиз узра тинчлик рамзи – варракларнинг қанчалик юқорилаганига гувоҳ бўлишди. “Жилови” болажонларнинг қўлида турган турли шакл ва кўринишдаги варраклар шу куни халқимизнинг орзулари каби юксалди.

Ўйингоҳга кираверишдаги йўлакнинг ҳар икки томони кўкламни, Наврўзни мадҳ этувчи шиорлар билан безатилган. Таълим муассасалари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан халқимизнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналаримизни акс эттирган кўргазмалар ташкил қилинган. Бир томонда алп йигитлар кураш тушиб, беллашишаяпти, бир томонда эса туман маданият ва спорт ишлари бўлими қошидаги фольклор жамоаларининг дилга яқин лапару қўшиқлари янграйди.

Айниқса, эртамиз эгалари бўлган болажонларнинг кулгилари, рақсга тушишлари барчага завқ улашди.

Умумхалқ сайлида туман ҳокими Фахритдин Умаров иштирок этиб, йиғилганларни байрам билан табриклади.

— Наврўз туманимизда ҳам миллий анъана ва удумларимиз бардавомлигини таъминлаб, янги-янги қирралар билан бойитилиб, шоду-хуррамлик билан тантана қилинмоқда. Сабаби ушбу қутлуғ айёмга жорий йил ҳар йилгиданда ўзгачароқ ҳозирлик кўрилиб, унда Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган миллий қадрият ва анъаналарга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Наврўз байрамини барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайллари шаклида юқори даражада ўтказиш, меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахонлар ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш ҳақидаги кўрсатмалар ҳар биримизнинг қалбимизга юксак масъулият ҳиссини юклайди. Бугун ҳар бир кунимиз янгиликларга бой ўтмоқда. Бахтли яшашнинг асосий мезонларидан бири уй-жой шароитларига эга бўлиш, муҳташам бинолар бунёд этилган жойларда умр­гузаронлик қилиш, замон талаблари даражасида меҳнат шароитларига эришишдан иборат, албатта. Туманимизда бу йил 718 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жой қурилаяпти. Бу 718 та оила ўз уй-жойига эга бўлади дегани. Қишлоқларда бундай уй-жойлар қуриш ишлари бошлангандан буён туманимизда бир-биридан кўркам массивлар бунёд бўлгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, — дея таъкидлаб ўтди туман ҳокими ўз сўзида.

Санъаткорларнинг Ватан, баҳор ҳақидаги куй-қўшиқлари кўнгилларга баҳорий кайфият бағишлади.

Наврўз замирида кўплаб маъно-мазмун мужассам. Азалдан ота-боболаримиз дошқозонларда сумалак пишириб, йил тўкин-сочин келишини сўрашган, беморлар ҳолидан хабар олиниб, муҳ­тожларга беминнат ёрдам берилган, инсонлар ўртасидаги гиналар унутилган. Энг муҳими, Наврўз олдидан қишлоғу маҳаллалар ободонлаштирилиб, эзгу ниятлар билан ерга ниҳоллар ўтқазилган.

Туманимизнинг Жалойир қишлоқ фуқаролар йиғинида 20 март куни ўтказилган байрам сайлида ҳам бу каби қадриятларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Жалойирликлар деҳқончиликда ўзига хос мактаб яратган, десак муболаға эмас. Ҳудудда истиқомат қилаётган ҳар бир оила деҳқончиликдан бугунги кунда яхшигина даромад олишмоқда. Айниқса, хонадонларда ташкил этилган кичик иссиқхоналарда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиш ва эрта кўкламда халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаяпти. Шу боис, жалойирлик миришкорлар Наврўзни алоҳида меҳр билан кутиб олишади. Чунки, деҳқончиликда йилнинг қандай келиши муҳим аҳамиятга эга. 

Юқори буғ маҳалла фуқаролар йиғини биноси олдидаги очиқ майдонда бўлиб ўтган Наврўз сайлини ҳудуд аҳолиси узоқ йиллар эслаб юрса ажаб эмас. Негаки, ижро этилган халқона лапарлар, кўнгилга яқин қўшиқлар, шунингдек, намойиш қилинган миллий урф-одатлар ҳаммани бирдек хурсанд қилди.

Байрам тантаналари 22 март куни Уйрот қишлоқ фуқаролар йиғинида давом этди. Бу ерда ҳам куй-қўшиқлар янгради, дошқозонларда сумалагу баҳорий таомлар пиширилиб, дастурхонга тортилди.

Сайлда кексалар бир пиёла чой устида суҳбат қуришди, бугунги фаровон кунларга шукроналар айтишиб, дуога қўл очишди. 

Куни кеча Дўрман қишлоқ фуқаролар йиғинида ўтказилган байрам шодиёнаси ҳам юқоридаги каби хурсандчиликларга бой бўлди.

— Инсонларнинг юзларига боқиб, уларнинг кўнгилларидаги хотиржамликни, байрам кайфиятини сезиш қийин эмас. Элимизга ярашади бундай байрамлар. Инсоннинг кўнглига қачон байрам сиғади, қачонки оиласида муаммоси бўлмаса, даромади яхши бўлса. Шу боис, айни кунларда байрамни нишонлаш билан бир қаторда хонадонларда томорқадан унумли фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини олиб бормоқдамиз. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир оила меҳнат қилиб, томорқасидан унумли фойдаланса, ёнғоқ, унаби каби фойдали мевали дарахт кўчатларини ўтқазса, даромади яхши, байрамона кунлари кўп бўлади, — дейди Дўрман маҳалла фуқаролар йиғини “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаси раҳбари Шойиқул Бебитов.

Дўрманликлар ҳам байрамни кўтаринкилик билан нишонлашди. Сайлда ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактаблари томонидан миллий қадриятларимиз намойиш этилди, кўклам пишириқлари  меҳмонларга улашилди. Шунингдек, ўша куни ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга, уруш қатнашчиси ҳамда ёлғиз қарияларга ва боқувчисини йўқотганларга байрам совғалари тарқатилди.

Наврўз туманимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам кўтаринкилик билан нишонланди.

Булардан ташқари, байрам кунлари туман марказий деҳқон бозорида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди, нуроний отахонлар ва онахонлар эъзозланиб, ёрдамга муҳтож инсонлар, кам таъминланган оилаларга совғалар тортиқ қилинди.

Ҳа, чиндан, баҳор ўзгача тароват билан, Наврўз ўзгача шукуҳ билан кириб келди. Кўкламнинг соғинчли ифоридан тўйиб-тўйиб нафас олган чўпон йўриғидаги отини ўйноқлатиб, чорвани олисларга ҳайдайди. Миришкор деҳқонлар эса ҳар сонияни ғанимат билиб, тупроққа барака уруғини қадашади. Ёшлар меҳнатга шошилади, кексалар юртга фаровонлик тилаб, дуога қўл очишади. Янги куннинг келиши билан олам яшнай бошлайди.

Наврўз сайллари туманимиздаги барча ташкилот ва корхоналарда, қишлоқ фуқаролар йиғинларида давом этмоқда.

Мухбирларимиз материаллари асосида тайёрланди.

28.03.2017