КИТОБХОНЛИК ТАРҒИБОТИГА БАҒИШЛАНДИ

КИТОБХОНЛИК РАСМ


    Вилоятимизда “Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш” мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда Ўзбекистон халқ артисти Э.Комилов, “Янги аср авлоди” нашриёти директори Э.Абдураҳмонов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ижодкорларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Тадбир Навоий шаҳридаги “Камолот” китоб дунёси” дўкони фаолияти билан танишишдан бошланди. Бу ерда 400 дан зиёд номдаги китоблар сотилмоқда.
Ёшлар марказида китоблар кўргазмаси ва савдоси ҳамда таниқли шоир-ёзувчилар, театр ва кино актёрлари иштирокида “Мен севган китоб” мавзусида учрашув ташкил этилди.
– Биз – урушдан кейинги авлод оғир замонларда улғайдик. Шу боис, бугунги ёшларимизга ҳавасим келади, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. – Бугун фарзандларимиз учун ҳамма шароит бор, фақат ўқиш ва изланиш талаб этилади. Биз, катталар баъзида фарзандимизни китоб ўқимасликда айблаймиз. Аслида хатони ўзимиздан изласак тўғри бўлади, яъни ўзимиз ёшларга ибрат бўлишимиз керак. Давлатимиз раҳбарининг фармойиши нафақат мутасадди идораларни, балки ҳар бир ота-онани бу ишда фаол бўлишга ундайди.
Семинар давомида Нурота тумани ёшлари билан учрашув, Саид ота маҳалласида китоб­хонлик бўйича ижтимоий сўров ўтказилиб, Нурота ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида маҳалла ёшлари ва ўқувчилар иштирокида “Зукко китобхон” интеллектуал турнири ташкил этилди. Навоий давлат педагогика, Навоий давлат кончилик институтларида, Навоий шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласида интеллектуал турнир ва “Менинг севимли китобим” социологик сўровлари ўтказилди.
Семинарда вилоят ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.
Нуриддин РАХИМОВ.

07.03.2017