1 га ғаллаВилоятимизда ризқ-рўзимиз бўлган ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмай ўриб-йиғиб олиш ишлари бошлаб юборилди. Ғаллакорларимиз томонидан жорий йилда 91 минг 991 тонна товарбоп, 11 минг 639 тонна уруғлик дон хирмони барпо этиш режалаштирилган.

Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил қилиш юзасидан вилоят, туман штаблари тузилиб, уларнинг вазифалари белгиланди. Шунингдек, ҳар бир туманда дон ташиш, қабул қилиш, нефть маҳсулотлари таъминоти, шартномаларнинг бажарилишини мониторинг қилиш бўйича махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.

— Вилоятдаги ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш ишларини тизимли йўлга қўйиш мақсадида 100 та отряд тузилди, — дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ғаллачилик бўлими бошлиғи А. Ризоқулов. — Уларга 100 та замонавий комбайн, вилоят ва туман ташкилотларининг 710 нафар вакили ҳамда 510 нафар ИИБ ходими бириктирилди. Ташкил этилган отрядларни талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида 6 та кўчма устахона, 44 та ёқилғи ташиш гуруҳлари ташкил этилди. Мавсумни 15 июлга қадар якунлаш режалаштирилган.

Туманимизда ҳам ушбу мавсум уюшқоқлик билан амалга оширилаяпти. Ҳозирда Ҳазора, Дўрман, Нарпай ҳамда Ибн Сино ва Алишер Навоий номли қишлоқлар ҳудудидаги фермер хўжаликларида қизғин жараён кечмоқда. Миришкорларимиз жами 7331 гектарлик ғалла майдонидан 19 минг 323 тонна ялпи ҳосил олишга бел боғлаган.

О. ШУКУРОВ.

Сурат муаллифи С. АСЛОНОВ.

18.06.2018

 51b5c0fde4931пилла  Маълумки, ҳар йили апрель, май, июнь ойларида юртимизда пилла уруғини олиб келиш, пилла қурти боқиш ҳамда тайёр маҳсулотларни пиллачилик корхоналарига етказиб бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилади. Айни пайтда туманимизда ҳам бу борада жадал ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда туманимизда 110 тонна пилла етиштириш белгиланган. Ҳозирда 1920 қути уруғ пиллачилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари ва хонадонларга етказилиб берилган. Мавсумни самарали ўтказиш мақсадида кўплаб масъул ташкилотлар жараёнга жалб этилди.

Албатта, пилла уруғи тарқатилган корхоналар, фермер хўжаликлари томонидан қурт боқувчи звеноларни моддий қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиши юқори ҳосилдорлик гаровидир.

Шу мақсадда апрель ойи ҳолатига кўра звеночиларга 5306 килограмм пахта ёғи, 605 килограмм ун ва 301 миллион сўм миқдорида аванс маблағлари топширилди.

Шунингдек, юқори ҳосилдорликка эришиб, режани ортиғи билан бажарган пиллакорларни қўшимча рағбатлантириб, уларга турли қимматбаҳо совғалар тарқатиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Д. ЭРГАШОВ,

туман прокурори ёрдамчиси.

М. ҲОТАМОВ,

туман прокуратураси терговчиси.

28.05.2018

4

Жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташриф буюрганида даставвал туманимиздаги “Karmana golden eggs” масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Аслида мазкур корхонага тамал тошини қўйишда ҳам Юртбошимизнинг ҳиссаси катта. У киши 2017 йил 28 мартда вилоятимизга қилган ташрифи чоғида мазкур паррандачилик фабрикасини ташкил этиш лойиҳаси билан танишган ва бу борада ўз кўрсатмаларини берган эди.

— Президентимизнинг лойиҳамиз билан танишиши ва ўз маслаҳатла­рини бериши бизга куч-қувват бағишлади, — дейди “Karmana golden eggs” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азиз Сувонов. — Ўз ҳисобимиздан 4 миллард сўм йўналтириб, жўжа парваришига мослаштирилган 4 та блокни қуриб битказгач, тижорат банкининг кредит маблағи эвазига Туркиядан технология олиб келдик. Айни пайтда Самарқанд вилоятидан бир кунлик жўжаларни келтириб, уч ойликкача парваришлаяпмиз. Юртбошимиз жорий йилдаги ташрифларини ҳам бизнинг паррандачилик фабрикамиздан бошлаб, “соҳада тизим яратилибди, энди бу ерда тухум етиштириш ва уни экспортга чиқаришни ҳам йўлга қўйиш лозим” дедилар.

Дарҳақиқат, Президентимиз билан келажак режалари ҳақида суҳбатлашиш лойиҳа ташаббускорига янги ғоялар берди. 2019 йилда тадбиркор инкубация ва тухум етиштириш комплексларини ишга туширади. Олинадиган маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга чиқарилади, юз кишининг бандлиги таъминланади. Айни пайтда эса 90 кунда тухум йўналишидаги товуқларни етиштиришга мўлжалланган паррандачилик комплексида эллик киши меҳнат қилмоқда. Иш тўлиғича автоматик тарзда бошқариладиган корхонада ишчилар учун ҳамма шароитлар яратилган. Жумладан, ошхона, ювиниш ва дам олиш хоналари мавжуд. Ойлик маошларини ўз вақтида олаётган ишчиларга нонушта ва тушлик бепул берилмоқда.

— Асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаганмиз, — дейди корхона иш юритувчиси Ғолиб Содиқов. — Самарқанддан олиб келиниб, парваришланаётган жўжалар тухум бериш даврига етгач, банк кредитлари эвазига, яъни пул кўчириш йўли билан аҳолига, кўпроқ битирувчиларга сотишни режалаштирганмиз. Паррандаларимиз 3 ой давомида 13 марта эмланади, уларнинг самарадорлиги кафолатланган. Бундан ташқари, биз паррандалар билан бирга уларнинг катаклари ва озуқасини ҳам етказиб беришимиз мумкин. Буларнинг ҳаммасидан кўзланган мақсад ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, аҳоли турмуш шароити яхшиланишига ҳисса қўшишдан иборат.

— Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганимга 15 йилдан ошди, — дея суҳбатимизни давом эттиради А. Сувонов. — Айни пайтда паррандачиликдан ташқари, боғдорчилик, меҳмонхона хизмати, уй-жой қурилиши ва иссиқхоначилик йўналишларини ҳам йўлга қўйганмиз. Жорий йилда Ҳазора қишлоғидаги 20 гектарлик узумзорда етиштириладиган ҳосилимизнинг 80 фоизини экспорт қилишни режалаштираяпмиз.

Азиз Сувонов 3 гектар майдонда иссиқхона ҳам барпо этган. Бу ерда 20 киши иш билан таъминланган бўлиб, ички ва ташқи бозорга помидор ва бодринг етиштириб берилмоқда.

Ёш тадбиркор Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони янги режаларга қанот бўлганини таъкидлайди. Чунки бу фармон Ўзбекистоннинг сахий қуёши тафтида тобланиб етилган мева-сабзавотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш йўлидаги ҳар қандай тўсиқларни бартараф этади. Маҳсулотни кластер тартибида сотганда тез ва ортиқча чиқимларсиз экспортга эришилади.

Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам бой бўлади. Юқоридаги фикр бу гапнинг нечоғлик ҳаётий эканлиги исботидир. Азиз Сувонов каби кўп тармоқли тадбиркорлик субъектларини ташкил этган ишбилармон юртдошларимиз эса том маънода замонамиз қаҳрамонидир.

Холбиби САФАРОВА.

24.04.2018

11 

   Кармана туманининг Жалойир қишлоғи. Номи нафақат вилоятга, балки республикага ҳам машҳур қишлоқ. Унинг машҳурлиги меҳнаткаш халқи, танти одамлари билан боғлиқ. Бу масканда азалдан томорқанинг даромад манбаи эканлигини амалда исботлаб келаётган одамлар яшайди. Ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб, мўмайгина даромад топаётган жалойирликларнинг фаолияти, деҳқончиликдаги тажрибаси кўпчиликка ибрат қилгулик. Деҳқончилик уларнинг қонида бор. Ерга муносабати бошқача.

Навоий шаҳрининг марказий бозорига тушсангиз, энг харидоргир маҳсулотлар шу ҳудуд экин майдонларида етиштирилган. Айниқса, ҳудуд аҳли сабзи етиштиришнинг “ҳадис”ини олган. Яқинда қишлоқ томон қилган ижодий сафаримиз давомида юқоридаги фикрларимизга яна бир бор амин бўлдик.

Ҳудуднинг Гурда маҳалласидаги Эшпўлат Фармонов хонадони. Умумий экин майдони 8 сотих бўлган томорқанинг 3 сотихида мўъжазгина иссиқхона ташкил этилган.

Томорқанинг қолган қисмида эса гуркираб ривожланаётган саримсоқ­пиёз, сабзи, картошка ҳар бир кишининг диққатини ўзига тортади. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар оила аъзолари ҳақиқий деҳқон эканлигидан дарак бериб турибди. Эшпўлат Фармонов қишлоқ хўжалиги соҳасида, турмуш ўртоғи Ойсара Фармонова эса мактабгача таълим тизимида фаолият кўрсатган. Аммо ҳеч қачон ернинг умри беҳуда­ ўтишига йўл қўймаган. Доим томорқадан самарали фойдаланиб, оиласи эҳтиёжини таъминлаб турган. 6 нафар фарзандини ҳам ерга меҳрли қилиб улғайтирди.

— Йил давомида томорқадан уч марта ҳосил оламиз. Ҳеч қачон бир қарич ер ҳам бўш турмайди.

Ўтган йили томорқамизнинг бир қисмида ташкил этган иссиқхонамиздан шу йилнинг ўзида 5 миллион сўм даромад олдик. Иссиқхонадан икки марта ҳосил оламиз. Кузда тўқсонбости экинлар экиб, февраль ойида бозорга чиқардик. Шундан сўнг помидор кўчатларини етиштирмоқдамиз. Тай­ёр маҳсулотни май ойининг ўрталарида бозорга йўналтирамиз, — дейди 68 ёшни қарши олган Ойсара Фармонова. — Томорқаси бор одамнинг бозордан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиши уят. Фарзандларимни ҳам шундай тарбиялаганман. Улар ҳам ўз томорқасидан яхшигина даромад қилишади.

Ойсара опа хонадонидаги юздан ортиқ турли мевали дарахт кўчатларининг аксарияти шу йил ҳосилга кириш арафасида. Бу эса хонадон соҳибларига ўзгача завқ ва қувонч бағишламоқда. Аслида ҳам ўз меҳнатинг маҳсулини кўриш, даромадидан орзуларга эришиш нақадар тотли.

— Бу йил неварамни турмушга чиқарамиз. Албатта, томорқадан топган даромадимиз мана шундай яхши кунларимизга яраяпти. Шу орқали рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин, — дейди Ойсара опа қувончини яширмай.

“Аллон” маҳалласида истиқомат қилаётган Раъно Давлатова аёл боши билан 7 сотих томорқасини “гуллатиб” қўйганлигини кўриб ҳайратланасан киши.

Раъно опа 2 сотих майдонда 3 йилдан буён қулупнай етиштирмоқда.

— Ўтган йили биргина қулупнайнинг ўзидан 2 миллион сўм даромад олдик. Қулупнай май ойидан октябрь ойига қадар ҳосил беради. Ҳосилидан ҳам ўзимиз баҳраманд бўламиз, ҳам бозорга йўналтирамиз. Ҳар йили 4 сотих майдонда саримсоқпиёз етиштирамиз. Бу оиламизга ҳар йили 4 миллион сўм фойда келтирмоқда. Қолган экин майдонимизда эса сабзи етиштираяпмиз, — дейди Раъно опа.

Ер тилини билган, ундан меҳрини аямагандан она замин ҳам ўз саховатини дариғ тутмайди. Бир қарич ер олтинга тенг бўлган юртимизда унинг қадрига етиш, ундан самарали фойдаланиш ҳақиқий даромад манбаидир.

Турмуш ўртоғидан эрта айрилган Раъно опа 4 нафар фарзандини томорқа орқасидан едириб-кийдирди, ўқитди, тўйлар қилди, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашди. Бу доно халқимиз томонидан илгари сурилган “Меҳнатнинг таги роҳат”, деган ҳаётий шиорининг амалий ифодаси эмасми?!

“Аллон” маҳалласида деҳқончиликда катта тажрибага эга миришкорлар кўп. Санжар Аҳмедов ёш бўлсада бор имкониятини томорқасидан самарали фойдаланишга сарфлаган. Ўтган йили 25 сотих майдонда замонавий иссиқхона ташкил этиб, унга помидор ниҳолларини ўтқазди. Икки ойдан буён тайёр маҳсулотни ҳам ички борзорга, ҳам экспортга йўналтирмоқда.

— Иссиқхонани ташкил этиш учун банкдан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Тажрибали деҳқонлар маслаҳатларига таяниб қўл урган ишим бугун ўз мевасини бера бошлади. Айни пайтгача бозорга 15 тонна тайёр маҳсулот чиқардик. Иссиқхонамиз фаолият бошлаши муносабати билан 10 та янги иш ўрни яратилди, — дейди Санжар Аҳмедов. — Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз.

Маҳалладаги “Рамазон барҳаёт” агрофирмасининг раҳбари Самад Аҳмедов бугунги кунда маҳалланинг 20 нафар аҳолисини иш билан таъминлади. Айни пайтда агрофирмада балиқ, товуқ гўшти етиштириш қаторида, асаларичилик, иссиқхона фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Хусусан, агрофирмада ҳар йили етиштирилаётган 15 тонна Африка лаққа балиғининг бозорда харидори кўп. Ҳозирда агрофирма балиқхонасида парваришланаётган 10 минг дона балиқнинг 5 мингтаси сотувга чиқаришга тайёр бўлган.

— Балиқларнинг оғирлиги ўртача 3,5 килограммни ташкил этмоқда, — дея сўз бошлайди Самад ака. — Аввало, балиқларни ўз вақтида озиқлантириш муҳим ҳисобланади. Ўзимизда балиқ учун озуқа тайёрлайдиган технологиянинг борлиги ишимизни анча енгиллаштирмоқда. Яқинда балиқ боқиладиган майдонни яна кенгайтириш ҳаракатидамиз.

Агрофирмадаги 20 та асалари оиласи, 20 минг бош бройлер товуқ орқали ҳам даромадга даромад қўшилмоқда. Ҳар бир юмушда тадбир билан иш кўрилса, албатта у самарали бўлади. Буни Самад ака яхши тушунади ва ҳамиша изланишдан тўхтамайди. Шу боис, май ойида Англиядан зотли курка олиб келиш тараддудида.

Гурда маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Анвар Мардонов айни пайтда нафақада. Орамизда нафақага чиқдим, энди ёнбошлаб ётсам ҳам бўлади, деганларга кўп дуч келганмиз. Аммо Анвар ака фаолиятида бунинг аксини кўрдик. Тиниб-тинчимаган қаҳрамонимиз ҳам томорқани, ҳам тадбиркорликни қўшалоқ олиб бормоқда. Энг эътиборлиси ҳар икки йўналишдан ҳам фақат ва фақат фойда кўрмоқда.

Хонадондаги мўъжазгина хонада минг дона бедана парваришлаётган Анвар ака унинг даромад манбаи эканлигини тўлқинланиб гапириб берди.

— Биласизми, бир йилдан буён бедана тухуми етиштириш билан шуғулланаяпман. Минг дона беданадан ҳар куни 800 та тухум оламан. Бир ойда 5,5 миллион сўм даромад қилаётган бўлсам, унинг 3 миллион сўми соф фойдани ташкил этади, — дейди Анвар ака.

Анвар ака беданадан фақатгина тухум олиш билан чегараланиб қолмасдан, уни кўпайтириш устида ҳам бош қотирди ва ниҳоят ўз ихтироси билан тухум очишга мўлжалланган инкубация ясашга эришди.

— Ушбу инкубация икки ярим минг дона тухум очишга мўлжалланган. Бедана тухуми товуқникидан фарқли ўлароқ 17 кунда жўжа чиқаради. Ўтган сафар 2 минг дона бедана жўжаси очирдик. Уларнинг аксариятини қизиқувчиларга сотдик. Бир қисмини эса ўзимиз парваришлаяпмиз. Бедана жўжалари 60 кунда тухумга киради. Эркакларини эса гўштга топшираяпмиз. Ўтган йили 100 килограмм бедана гўшти сотдик, — дея сўзида давом этди Анвар ака.

Мазкур хонадон соҳиблари оила даромадини ошириш ҳамда бозорга гўшт етказиб бериш мақсадида 500 дона бройлер товуқ ҳам парваришламоқда. Бу албатта, ишнинг кўзини билиш, изланишдан далолат.

Интилганга толе ёр, дейди доно халқимиз. Боқибеғамлик даври ўтганига анча бўлди. Бугун изланган имкон топади. Томорқа даромад манбаи эканлигини чуқур англаган юртдошларимиз ҳаёти мисолида ҳам бунинг исботини кўриб турибмиз. Шу боис, оиламиз дастурхонининг тўкинлиги ва ризқимиз бутунлиги учун ўзимиз ҳаракат қилайлик.

Отабек АСЛОНОВ,

халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутати.

 24.04.2018

galla

“ҒАЛЛА — 2017”: РИЗҚ-НАСИБАМИЗ

МЎЛ БЎЛАДИ

       Ғалла ўрими мавсумида фермер хўжаликлари далаларида бўлиб, жараённи бевосита кузатарканмиз, бу йил вилоятимизда ўртача ҳосилдорлик ўтган йилгига қараганда анча юқори бўлишига ишонч ҳосил қилдик. Қай бир фермер билан учрашмайлик, шартнома режалари ортиғи билан бажарилаётганлигини таъкидлашди.“Маданият” қишлоғи ҳудудида жойлашган “Аҳмад Санжар орзуси” фермер хўжалигидаги ўрим жараёнларини кузатарканмиз, хўжалик буғдойзорларининг бир текис унгани диққатимизни тортди. Майдонда биттагина бегона ўтнинг кўзга ташланмаслиги фермернинг миришкорлигидан дарак бериб турибди.

— 24,5 гектар майдонга буғдой эккандик, – дейди биз билан суҳбатда фермер М. Ҳайитов. – Бу йил ғалла ҳосили ўйлаганимиздан ҳам зиёда бўлди. 90 тоннадан ортиқ дон олинди, шартнома режамиз тўлиқ бажарилди. Ҳосилдорлик нафақат бизнинг хўжаликда, балки туманимизда ҳам юқори. Ҳудуднинг ғалла ҳосилдорлиги бўйича ўртача центнери ҳам насиб бўлса шунга яраша бўлади.

— Бу йил буғдой дони арзон бўлиши кутилмоқда, – дейди мазкур ҳудуддаги ўрим жараёнларига масъул агроном Ф. Шодмонов. – Бу эса ҳаётий зарур бўлган ун маҳсулотининг нархи пасайшидан ҳам дарак беради. Халқимиз фаровонлиги бобо­деҳқонлару, ҳосилни йиғиштириб олишга масъул бўлган барча ходимлар меҳнатига ҳам боғлиқ. Бундан мамнунмиз.

“Аҳмад Санжар орзуси”га туташ “Ибрат” фермер хўжалигидаги ўрим жараёни билан танишарканмиз, ғалла ҳосили ушбу хўжаликда ҳам шартнома режаларидан ошириб уддаланаётганлигига гувоҳ бўлдик. Бу албатта, халқимиз ризқ-насибасининг тўкислигидан далолат. Бир сўз билан айтганда, бугунги маҳсулдорлик эртанги тўкинликка хизмат қилади.

Озод МУСТАФОЕВ.

Сурат муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

27.06.2017