40001Навоийда кўргазмали семинар ташкил этилди

 

Навоий вилоятида сув тежовчи суғориш технологияларининг афзалликларини фермер хўжаликлари раҳбарларига кенг тарғиб этишга қаратилган кўргазмали семинарлар йил давомида уюшқоқлик билан ўтказилди. Навбатдаги семинар Кармана туманидаги “Марказий техника парки”да бўлиб ўтди. Қуйи Зарафшон ИТҲБ ва бошқа ҳамкор ташкилотлар, сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан биргаликда ташкил этилган мазкур семинарда 2021 йилда тежамкор технологияларини ўрнатишни режалаштирган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.

-2021 йилда Навоий вилояти бўйича 22300 гектар ер майдонига тежамкор технологиялар ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 17 000 гектари пахта, 1200 гектари боғ, 2000 гектари токзор, 1800 гектари чорва учун озуқабоп экинлар ҳиссасига тўғри келади, -дейди Қуйи Зарафшон ИТҲБ бўлим бошлиғи Ғаффор Эшимов. - Жорий йилдаги тажриба ва хулосалар шуни кўрсатдики, 2021 йилда сув тежовчи технологияларни ўрнатишга доир ҳужжатлаштириш, лойиҳалар тайёрлаш, қурувчи корхоналар билан шартномалар тузиш каби ишларни бугундан бошлашимиз керак экан.

Шунинг учун бугунги семинарга сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи, ўрнатувчи корхоналарнинг раҳбарлари ва мутахассисларини таклиф этганмиз.

 

40002


Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган мазкур тадбирда “Agroboss” МЧЖ, “Полиэтилен қувурлари” МЧЖ, “Yushen plast” МЧЖ, “Pipe technologies” МЧЖ, “Яшил томчилар” МЧЖ каби маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари ўз маҳсулотларининг тақдимотларини қилишди.

 

40003

Шунингдек, 2019 йилда сув тежовчи технологияларини 100 гектар майдонга ўрнатган Хатирчи туманидаги “Орзу” фермер хўжалиги раҳбари Ф.Ўринов, 2019-2020 йилларда 43 гектар ерига тежамкор технологияларни ўрнатган карманалик фермер М.Истамовлар мазкур технологияларнинг афзалликларини йиғилганларга сўзлаб беришди.
Самарали тарзда ўтказилган кўргазмали семинар давомида вилоят фермерлари келгусидаги ишларини режалаштириб олишди.

 

Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати
26.09.2020 йил