1 га асосийДавлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 март куни вилоятимизга ташрифи давомида воҳа қишлоқ хўжалигида сув танқислиги, тупроқ шўрланиши каби муаммоларни олимлар иштирокида ҳал этиш, бу борада илмий изланишлар олиб бориш белгиланган эди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси вилоят бўлими томонидан амалга оширилаётган илмий-амалий тадқиқотлар ана шундай масалалар ечимига қаратилган. Бўлимда давлат илмий-техник дастурлари доирасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган бир қанча лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Хусусан, М. Усмоновнинг “Бентонит гилларидан фойдаланиб капсулаланган чигит уруғларини ишлаб чиқариш ва пахтачиликда жорий қилиш” ҳамда Т. Нурмуродовнинг “Паст навли фосфоритлардан ер тарқоқ элементларини ажратиш би­лан кимёвий тоза аммоний ва кальций фосфат тузларини олишнинг юқори самарали чиқиндисиз технологиясини ишлаб чиқиш” мавзуларидаги амалий лойиҳаларига давлат томонидан 180 миллион сўм маблағ ажратилиб, шу асосда саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

— Амалий ишларимиз қишлоқ хўжалигида синаб кўрилмоқда, — дейди тадқиқотчи М. Усмонов. — Изланишлар натижасида бентонит гиллари сувда эркин тўйиниши, намни ўтказишга имконият яратиши аниқланди. Навоий, Тошкент, Наманган, Сурхондарё вилоятлари далаларида экилган, ушбу кукун билан қобиқланган чигит ҳосилдорликни ошириб, сувни тежашда яхши самара берди.

— Кўпинча тупроқ диагностика қилинмай, ўсимликларнинг минерал озуқага бўлган эҳтиёжини текширмасдан ерга ўғит бериб, хатоликларга йўл қўйганмиз, — дейди карманалик фермер Ғ. Пўлатов. — Бентонит кукуни билан қобиқланган чигитни қадаганимиздан кейин бу йилда сув танқислиги, қурғоқчилик сезилмади, ғўзалар турли касалликлардан ҳимояланди.

Фанлар Академиясининг вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги “Илғор технологиялар” маркази азот ўзлаштирувчи ризобактериялар ассоциацияси ўртасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилда олимлар томонидан азотли ва фосфорли ўғитлар сарфини камайтириш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишга имкон берадиган биоазот биопрепарати кашф этилди. Қизилтепа тумани ҳокимлиги томонидан ажратилган 5 гектар ерда синаб кўрилган мазкур препарат ўсимликларнинг меъёрий ўсиши ва ривожланиши учун муҳим озуқа элементлари, намлик ва ҳаво билан таъминлай олиши исботланиб, тупроқларнинг унумдорлигини белгиловчи асосий омил сифатида фермерларга тавсия этилди.

— Қишлоқ хўжалигидаги муҳим муаммолардан бири тупроқ шўрланиши ҳисобланади, — дейди бўлимнинг фермерларга амалий ёрдам ва консалтинг хизматлари маркази раҳбари Ш. Рустамов. — Статистика маълумотларига кўра, республикамизда суғориладиган майдонларнинг 70 фоизга яқини шўрланган. Бу ҳолат нафақат ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ёки ҳосилдорлиги, балки тупроқ унумдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Марказимиз тадқиқотчилари тупроқ структураси ва таркиби ҳақидаги маълумотлар асосида бирламчи ва такрорий экинлар экишга тавсиялар бериш, ўсиш жараёнини илмий кузатиш, илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан яратилган дори воситалари, препаратлар ва ўғитларни фермерлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришга эътибор қаратиб келмоқда. Жорий йилда Навоий электрокимё заводи билан тузилган меморандумга асосан “Элсмик-А”, “Элсмик-Б”, “Калий-UM микроэлементлар билан” ҳамда “СИП-70 инсектицид” каби дори воситалари яратилиб, ер эгаларига тақдим этилди. Дорилар тупроқ таркибини яхшилаш, шўрланишдан сақлаш, юқори самарали кенг спекторли зараркунандаларга тез таъсир этиши билан бирга сув мувозанатини таъминлайди.

Фанлар Академияси вилоят бўлими ташкил этилганига бир йил тўлди. Шу қисқа вақтда профессор-олимлар қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига амалий кўмак бериш юзасидан фермерлар ҳамда томорқа ер эгалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Бундай ҳамкорлик эса илмий-амалий изланишлар самарасини таъминлаяпти.

Ҳилола ИСМАТОВА,

журналист.

15.10.2018