Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашининг ҚАРОРИ

КАРМАНА ТУМАНИДАГИ АЙРИМ МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНЛАРИ ҲАМДА АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИГА НОМ БЕРИШ ВА НОМЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикасининг “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 41-сон, 448-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида”ги 295-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 41-42 сон, 483-модда) ижросини таъминлаш, шунингдек, географик объектларни номлаш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига ҳамда Кармана туман адлия бўлимининг 2018 йил 2 июлдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича берган хулосасига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши  

Қ А Р О Р   Қ И Л А Д И:

1. Кармана тумани, “Тошработ” маҳалла фуқаролар йиғинини “Ҳазора” маҳалла фуқаролар йиғини;

“Гурда” маҳалла фуқаролар йиғинини “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини;

“Арғун” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Оқшом” ҳамда “Янги арғун” кўчаларини “Мулкобод” кўчаси;

“Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Катта мачит” кўчасини “Буюк ипак йўли” кўчаси деб номини ўзгартириш;

“Варқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Чоркалла” ҳудудини “Кармана тонги” кўчаси;

“Тошработ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Чорвадор” ҳудудини “Диёр” кўчаси;

“Шибзон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Янгиобод” ҳудудини “Маданият” кўчаси деб номлаш бўйича туман ҳокимининг берган таклифи тасдиқлансин.

2. Туман статистика бўлими (Йўлдошев), туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими (Ғаффоров), туман давлат Архитектура ва қурилиш бўлими (Мирзаев)га тегишли мутасадди давлат органлари билан биргаликда амалдаги тартибда ном берилган ва номлари ўзгартирилган аҳоли пунктларининг таркибий қисмларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва электрон базасини шакллантириш, иш юритиш ҳужжатларига ўзгартириш киритиш билан боғлиқ барча тадбирларни амалга оширсинлар.

3. Туман Ички ишлар бўлими (Дўсанов) ном берилган ва номлари ўзгартирилган ҳудудларда аҳолининг фуқаролик паспортларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ишларининг ташкилий равишда амалга оширилиши юзасидан зарур чора-тадбирларни белгиласин.

4. Туман давлат Архитектура ва қурилиш бўлими (Мирзаев)га ҳудудларда янги номланган ва номлари ўзгартирилган аҳоли пунктларининг таркибий қисмларининг янги номлари ёзилган кўрсаткич ва белгилар, пешлавҳаларни замонавий дизайн асосида босқичма-босқич ўрнатилишини таъминласин.

5. Белгилансинки, географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

6. Мазкур қарор “Karmana ovozi” газетасида расман эълон қилинсин ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва ёшлар сиёсати ҳамда соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси (Базарова) ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия (Шодмонов) зиммаларига юклатилсин.

8. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Кенгаш раиси               Ф. Умаров.

2018 йил, 2 июль № 52/222