Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТЛАРИ ТОМОНИДАН КАРМАНА ТУМАНИДА ҲУДУДНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФАЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШГА, ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА МАСЪУЛЛАР ТОМОНИДАН АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАРНИНГ ҲАҚИҚИЙ АҲВОЛИНИ ЎРГАНИШ НАТИЖАЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни, шу жумладан ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиш ва хулоса бериш, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш таклифи илгари сурилган эди.

Шу муносабат билан 2017 йилнинг 1-6 май кунлари Навоий вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар ҳамда Сенат аъзоларидан иборат таркибдаги Ишчи гуруҳи томонидан Кармана туманида ўрганиш ўтказилди.

Ишчи гуруҳнинг фаолияти иккита йўналишда, биринчидан, хонадонларга ташриф буюриб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказиш, иккинчидан, ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўзига бириктирилган соҳа ва объектларни ўрганиб, улар фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш ва хулосалар чиқариш орқали амалга оширилди.

Ўрганиш жараёнида 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланишидан келиб чиқиб, ҳеч бир муаммони назардан четда қолдирмасликка, деярли барча муаммоларни чуқур ўрганиш ва жойида ҳал этишга, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этишга, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш каби муҳим принципларга таянилди.

Кармана туманини ўрганиш жараёнида туманнинг барча маҳалла ва кўчаларида 387 та хонадонга ташриф буюрилиб, жами 1500 нафардан ортиқ фуқаро, шундан 60 нафар дан ортиқ тадбиркор билан суҳбатлар ўтказилди.

Мулоқотлар мобайнида туман аҳолиси томонидан 258 дан ортиқ турли йўналишдаги муаммолар кўтарилиб, уларнинг 50 дан ортиғи депутатлар ва сенаторлар томонидан ўз жойида ҳал этилди. Мисол учун, 20 нафарга яқин фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари билан биргаликда 100 млн. сўмдан ортиқ кредит ажратилди, “Янгиобод” маҳалласидаги аҳоли учун 800 метрлик ичимлик суви қувури 1 йилдан буён узиб қўйилганлиги аниқланиб, ичимлик суви корхонаси раҳбари билан масала жойида ўрганилди ва сув таъминоти йўлга қўйилди, 10 нафарга яқин фуқаронинг ишга жойлашиши, “Гурда” маҳалласидаги баъзи хонадонларнинг газ тармоғига уланиши таъминланди, айрим тадбиркорларнинг фаолият бошлашига амалий ёрдам берилди, туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳида жойлашган банк кассасида корпоратив карталардан тўлов қабул қилиниши йўлга қўйилди. Туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган табиий газ босимининг пастлиги, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатилиши ва дори-дармон берилишида, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши, аҳолининг томорқасини суғориш учун ички ирригация тизимини яхшилаш, кредитлар ажратишни янада кенг тарғиб қилиш, дори воситалари нарх-навоси устидан самарали мониторинг ўрнатиш каби масалалар юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилди ҳамда уларнинг бажарилиши назоратга олинди.

Бундан ташқари, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган 16 та вилоят ва 6 та республика даражасида ҳал қилиниши талаб этиладиган масалалар депутатлар ва сенаторлар томонидан ўрганилмоқда ва таҳлил қилинмоқда.

Кўтарилган масалаларнинг таҳлили, асосан уй-жой, коммунал, банк-кредит, бандлик, соғлиқни сақлаш, айниқса қишлоқ врачлик пунктлари ишини тубдан такомиллаштириш ва уларнинг моддий базасини мустаҳкамлаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳажмини ошириш, транспорт ва йўл қурилиши, тадбиркорлик, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларига тааллуқли эканлигини кўрсатди.

Сўнгги йилларда туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, тадбиркорлик йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга оид чора-тадбирлар кўрилган.

Туманда рўйхатдан ўтган корхона ва ташкилотлар сони 1604 тани, шундан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари сони 1400 тани ташкил этади. Туманда 344 та фермер хўжаликлари  фаолият кўрсатмоқда.

2016 йил давомида тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига жами 112.2 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилган ва мазкур маблағлар ҳисобига 710 та иш ўринлари яратилган.

Ўтган 2015 йилда манзилли дастурга асосан лойиҳа қиймати 3 млрд. 900 млн. сўмлик саноат ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилган бўлса, 2016 йилда эса ушбу кўрсатгич 192,8 фоизга бажарилган ва 7 млрд. 519 млн. сўмни ташкил этади.

Хусусан, мақсадли дастурлар доирасида умумий қиймати 35.3 млрд. сўмлик 224 та ҳудудий лойиҳа амалга оширилиб, улар ҳисобидан 1287 та янги иш ўринлари яратилган.

Ўрганиш давомида жорий йилнинг 1 январь ҳолатида туманда кичик бизнес субъектлари сони 1400 тани ташкил этиб, шундан 22 таси (ёки 1,5 фоизи) фаолият кўрсатмаётганлиги кузатилди.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, фаолият кўрсатаётганлар реестрида турган 189 та хўжалик юритувчи субъектлар ҳақиқатда фаолият кўрсатмаётганлиги маълум бўлди. Ушбу корхоналар фаолиятини тиклаш ёки тугатиш бўйича ишлар қониқарсиз аҳволда. Мисол учун 33 та субъект 2 йилдан буён, 27 та субъект эса 3 йилдан буён фаолият кўрсатмаётган бўлсада, улар билан тегишли ишлар олиб борилмаган.

Шунингдек, тумандаги касб-ҳунар коллежи битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинганда, 2016 йилда битирган 1794 нафар битирувчидан 223 нафарига 3.9 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари берилган.

Аҳоли томонидан истеъмол учун зарур бўлган озиқ-овқат, шу жумладан, ун ва ёғ маҳсулотлари етишмаслиги билдирилди. Туман аҳолисини ушбу маҳсулотлар билан таъминлаш 10 та савдо корхонаси орқали амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида аҳолига 240 тонна ун, 44.5 тонна ёғ маҳсулотлари ажратилиб, ҳар бир маҳалладаги мавжуд дўконлар орқали етказиб бериш йўлга қўйилган. Ун ва ёғ маҳсулотларини олиб келиш ва етказиб бериш жараёни ўрганилганда савдо корхоналари улгуржи корхоналардан 15 фоиз устама нархларда олиши ва 15 фоиз етказиб бериш харажатларини қўшиши натижасида мазкур маҳсулотлар нархининг биржа нархи 30 фоиз ошиб кетиши аниқланди.

Бундан ташқари, апрель ойида аҳоли жон бошига ажратилаётган ун маҳсулотлари 1,8 кг. тўғри келаётган бўлсада, бироқ аҳолига 1,5 кг.дан тарқатилмоқда.

Шунингдек, туман марказий деҳқон бозоридаги ишлар ҳолати ўрганилганда, бозор ҳудудида 300 та савдо растаси ҳамда 166 та дўконлар мавжуд бўлиб, шундан борйўғи 50 та раста ва 64 та дўкон фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди. Яъни бозор 20-30 фоиз қувват билан ишламоқда, холос.

Ўтган йилнинг 1 декабрь ҳолатида тумандаги корхона ва ташкилотларнинг дебиторлик қарзи 680 495 млн. сўмни, кредиторлик қарзи 872 506 млн. сўмни ташкил этади. Дебиторлик қарз 2016 йил 1 декабрь ҳолатида 2015 йил шу даврига нисбатан 211 млн. сўмга ошган.

Кармана туманида 120100 нафар аҳоли истиқомат қилиб, шундан 65210 киши меҳнатга лаёқатли фуқаро ҳисобланади.

2017 йил аҳоли бандлиги дастури тўғрисидаги қарор ижроси юзасидан 2017 йилда 5089 та, шундан  2017 йилнинг 1-чораги давомида туман бўйича жами 369 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган бўлиб, амалда  371 та иш ўринлари яратилди.

Кармана тумани ҳокимининг 2016 йил 28 декабрдаги Қ-1257-сонли қарорига асосан 341 та квоталанган иш ўринлари банд қилиниши белгиланган. 2017 йилнинг 1-чорагида Бандликка кўмаклашиш маркази квоталари асосида 51 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган.

Бандлик дастурига асосан иш ўринлари яратилаётганлиги, фуқаролар ушбу иш ўринларига ишга жойлаштирилганлигига қарамасдан Кармана туманининг имкониятларини ҳисобга олганда, ушбу соҳадаги ишларни қониқарли деб бўлмайди. Жумладан, биргина жорий йилнинг 1-чорагида туман ҳокимлигига келиб тушган 1021 та мурожаатларнинг 196 таси (19 фоизи) ишга жойлаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига тааллуқли бўлиб қолмоқда. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази фуқароларнинг мурожаатларини чуқур таҳлил этиши, натижаси бўйича аниқ чоралар кўрилиши мақсадга мувофиқ.

Кармана туманида жами 49 та таълим муассасаси, шундан, 30 та умумтаълим мактаблари, 18 та мактабгача таълим муассасалари, 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази ва 1 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мавжуд.

Туманда бугунги кунда 18 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 2223 нафар тарбияланувчига 220 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Шундан 17 та МТМ фаолият кўрсатмоқда.11-сонли МТМ туман ДСЭНМнинг 5-сонли қарори асосида ёпилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги 198-сонли қарори бўйича ҳозирги кунда тумандаги 30 та умумий ўрта таълим муассасаси симли телефон тармоғи орқали (7 та мактаб “Uzonline” провайдери, 22 та мактаб эса “UzMobile” провайдери орқали ZiyoNET таълим ахборот тармоғига уланган.

 Ўрганишлар давомида танлов асосида туманда жойлашган 18 та умумтаълим мактаби, 10 та мактабгача таълим муассасаси ва 3 та касб-ҳунар коллежи ва 1 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази фаолияти билан танишилди.

Бугунги кунда мактабгача ёшдаги болалар сони 11105 нафарни ташкил этади. Мавжуд 17 та мактабгача таълим муассасасида 2495 та ўрин бўлиб, ҳозирда 2423 нафар ёки 45 фоиз бола ушбу муассасаларга қамраб олинган.

Фаолият юритаётган 17 та мактабгача таълим муассасасидан 2 тасининг моддий-техника базаси бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаларида олий маълумотли тарбиячиларга қўшимча эҳтиёж борлиги аниқланди. Барча МТМ­ларда олий маълумотли тарбиячилар етишмайди.

Туманда 5 та касб-ҳунар коллежи мавжуд бўлиб, уларда ўқувчилар сони 3800 тани ташкил этади. 323 нафар педагог ходимлар фаолият кўрсатмоқда.

Туманда жами аҳоли 120100 нафар бўлиб, шундан 59775 нафарини аёллар, 37513 нафарини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.

Туман аҳолисига 1 та 293 ўринли марказий шифохона, 200 қатновга мўлжалланган туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамда 16 та ҚВП негизида 5 та оилавий поликлиника ва 4 та қишлоқ врачлик пунктлари тиббий, 6 та тез тиббий ёрдам шохобчалари орқали тиббий хизмат кўрсатилади. Тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида 2017 йилда Инвестиция дастурига асосан туман тиббиёт бирлашмасида 30 ўринли Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими, 30 ўринли жарроҳлик бўлими ва 30 ўринли терапия бўлими биноларини 3.8 млрд. маблағ ҳисобига қайта қуриш режалаштирилган.

Бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмаси тизимида анестезиолог, реаниматолог, рентгенолог, психиатр, фтизиатр каби мутахассисларга эҳтиёж мавжуд.

Ўрганишлар жараёнида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар билан бирга, соҳада бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ҳам кузатилди.

Жумладан, туман марказий кўп тармоқли поликлиникасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Поликлиниканинг рўйхат бўлимидаги тиббий карталар талаб даражасида сақланмаяпти. Бу эса аҳолига бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, ўрганиш давомида аҳолига шифокорлар қабули тўғрисида тўлиқ ахборот берилмаган, ҳусусан, тор мутахассис врачларнинг эшикларига қабул соати ва кунлари ёзиб қўйилмаган.

Кармана туманида, умуман вилоятда ҳам онкологик касалланиш даражаси ошган. Хусусан, Кармана туманида 2014 йилда 50 та, 2015 йилда 60 та ва 2016 йилда эса 74 та касаллик қайд этилган. Онкологик касалликлар вилоят бўйича ҳам кўпаймоқда.

Туман бўйича табиий газ билан таъминланган хонадонлар сони 28 минг 100 тани ва суюлтирилган газ баллон билан таъминланган хонадонлар сони 860 тани ташкил этади. Улгуржи истеъмолчилар сони 660 та.

Кармана ҳудудига кириб келувчи юқори босимли ер ости газ қувурлари 1960 йилларда қурилган ва таъмирлашга муҳтож.

Туманга кириб келувчи газ миқдори юқори аниқликда ўлчовчи электрон газ ҳисоблагичлар орқали аниқланмоқда. Аҳоли хонадонларига эса газ сарфини аниқлаш даражаси паст бўлган маънан эскирган механик газ ҳисоблагичлар ўрнатилган ва бунинг натижасида олинган ва етказиб берилган табиий газ миқдори ўртасида тафовут бўлмоқда.

2017 йил 1 январь ҳолатига 20 млрд. 450 млн. сўмни ташкил этган. 2017 йил 1 апрель ҳолатига эса 20 млрд. 750 млн. сўмни ташкил этади.

Туманда жами 216 км. умумфойдаланишдаги йўллар ҳамда 440,6 км. ички йўллар мавжуд. Ички йўлларнинг 71 фоизлик қисми таъмирталаб. Туман йўл корхонасига қарашли 2 та асфальт ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд бўлиб, уларга ўрнатилган ускуналар соатига 170 тонна асфальт ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Завод ҳудудида 2 та ёпиқ ва 1 та очиқ, умумий ҳажми 2 минг тонна битумни сақлаш ҳовузлари мавжуд. Ушбу ҳовузлар битум қиздириш ускуналари билан жиҳозланган.

Ҳозирги кунда битум етишмаслиги йўлларни ўз вақтида таъмирлашга ҳамда асфальт заводларининг тўла қувват билан ишлашига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Жойларга чиқиб ўрганилганда 26 та кўприкдан 4 таси, бундан ташқари, 4,2 км. пиёдалар йўлакчалари таъмирланиши лозимлиги аниқланди.

Туманда электрлаштирилган хонадонлар сони 28792 та бўлиб, улгуржи истеъмолчилар 1192 тани ташкил қилади. Аҳоли хонадонларида 2776 та замонавий картали электр ўлчагичлар, 14938 та оддий электрон электр ўлчагичлар ва 3869 та эскирган индукцион ўлчагичлар фойдаланиб келинмоқда.

2016 йил 1 январь ҳолатига етказиб берилган электр энергияси учун дебиторлик қарздорлик 5 млрд. 374 млн. сўмни, 2017 йил 1 январь ҳолатига эса 5 млрд. 161,1 млн. сўмни ташкил этиб, 1 йил давомида 213 млн. сўмга камайган.

Улгуржи истеъмолчилар олдидаги дебиторлик қарздорлик юқорилигича сақланиб келинмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири тумандаги 28 та фермер хўжаликлари қарздорликни сурункали равишда тўлаб бера олмаслиги бўлмоқда. Ушбу фермер хўжаликларининг қарздорлиги бугунги кунда 2 млрд. 15 млн. сўмни ташкил этмоқда.

Кармана тумани электр тармоқлари корхонасига қарашли трансформаторларнинг ярми 1960-1970 йилларда фойдаланиш учун ўрнатилган бўлиб, бугунги кунда электр энергиясига бўлган талабларга жавоб бермаслиги технологик йўқотишларнинг меъёридан ошишига сабаб бўлмоқда.

Туманда яшовчи 120000 нафар аҳолининг 100000 нафари “Сувоқава” ДУК Кармана филиали томонидан марказлашган водопровод суви билан таъминланган (“Боғишамол” маҳалласидаги 5354 нафар аҳолига Навоий шаҳри хизмат кўрсатади), 14795 нафари ташиб келтириладиган ичимлик суви билан таъминланади.

Туман аҳолисининг марказлашган ҳолда ичимлик суви билан таъминланиши бугунги кунда 87,8 фоизни ташкил қилади.

2017 йил 1 январь ҳолатига туман бўйича сув қувурлари узунлиги 528,7 километрни ташкил қилиб, улардан 75,6 километри таъмирга муҳтож.

2016 йил манзилли дастур асосида “Дўстлик” маҳалласи Мевазор кўчасида қурилган (“Сардорбек капитал қурилиш” МЧЖ) умумий узунлиги 2,7 км. қиймати 543,9 млн. сўмлик объект сифатсиз лойиҳалаштирилганлиги ва қурилганлиги сабабли бугунги кунгача фойдаланилмасдан келинмоқда.

Туман бўйича ирригация, мелиорация соҳасида ҳам ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалалар мавжуд.

“Боғишамол” МФЙ ҳудудида 1144 хўжалик томорқаларини суғориш учун сувга эга бўлмаганлиги оқибатида томорқа хўжалигидан унумли фойдалана олмаётганлиги, дарахтларни суғориш учун ичимлик сувидан фойдаланишга мажбур бўлаётганлиги маълум бўлди.

“Дегарон” маҳалласи Арабхона қишлоғи, “Аллон” маҳалласидаги ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашганлиги сабабли, заҳ кўтарилиб, аҳоли томорқаси ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Туман аҳолиси ўртасида 2016 йилда ичтерлама, калта терлама, салмонеллёз касалликлари қайд этилмаган.

Туманда 2016 йил давомида 30 та (2015 йилда 58 та) ўткир диарея касаллиги, 29 та (2015 йилда 38 та) вирусли гепатит қайд этилган. Бруцеллёз касаллиги 10 та қайд этилиб, 2015 йилга нисбатан 3 тага, сил касаллиги 51 та қайд этилиб, 2015 йилга нисбатан 13 тага ошган.

Туманда 2016 йилда аҳолининг ҳайвонлардан жабрланиб, тиббий ёрдамга қилган мурожаатлари сони 2015 йилга нисбатан 18 та ҳолатга камайган бўлсада, жабрланишларнинг интенсив кўрсаткичлари республика ва вилоят кўрсаткичидан юқори бўлиб қолмоқда.

Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 26 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатилиб келинмокда (“Боғишамол” МФЙга Навоий шаҳри ташкилотлари томонидан хизмат кўрсатилади). Ушбу маҳаллаларда жами 70000 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Қолган ҳудуд ва аҳолининг қаттиқ чиқиндиларини олиб чиқиб кетишни ташкил этиш 2017 йилда тўлиқ йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Ободонлаштириш бошқармасида автоматлаштирилган “Биллинг” электрон тизими жорий қилинган бўлиб, абонентлар базаси шакллантирилган, абонентлар билан қарздорлик ва ҳақдорлик тизими йўлга қўйилган.

Ободонлаштириш бошқармасининг 2017 йил иш режасига чиқиндихонага 45,0 млн. сўмга чиқиндиларни саралашга мўлжалланган электрон элак ўрнатиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 3 декабрдаги “Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 315-сонли Қарорига мувофиқ 2014-2016 йиллар давомида туман ободонлаштириш бошқармасига 1 дона трактор, 1 дона суюқ чиқинди ташувчи махсус автотранспорт ва 7 та махсус чиқинди ташишга мўлжалланган техника харид қилинган.

Туман ҳудудида 2015 йилда 424 та ва 2016 йилда 424 та жиноят содир этилиб, жиноятлар сони кўпаймасдан қолинишига эришилган.

Бироқ, айрим турдаги жиноятлар сони ошган. Масалан, одам ўлдириш 1 тага (3-4 та), ўғирлик 3 тага (72-75 та), фирибгарлик 4 тага (41-45 та), баданга оғир тан жароҳати етказиш 3 тага (9-12 та) ошган. Ўта оғир турдаги жиноятлар ҳисобланган босқинчилик, талончилик жиноятлари камайишига эришилмаган.

Туман ҳудудида 14 та милиция таянч пункти мавжуд бўлиб, уларда 17 нафар профилактика инспектори хизмат кўрсатиб келмоқда.

Туман прокуратураси томонидан жиноятчиликка қарши кураш фаолияти йўналишида 2017 йилнинг 3 ойида 7 та текширишлар ўтказилган бўлиб, натижасига кўра 1 тақдимнома, 2 та шахс интизомий жавобгарликка тортилган.

2017 йилнинг 3 ойида туман прокуратураси тергови томонидан 10 та жиноят ишлари қўзғатилиб, шундан 10 нафар шахсга нисбатан 4 та жиноят иши айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича судга юборилган.

Ўрганиш давомида 2016 йилда вояга етмаганлар иштирокида содир этилган жиноятлар сони 3 тани ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг 3 ойи давомида вояга етмаганлар томонидан жиноятлар содир қилинмаганлиги аниқланди.

Туман прокуратурасига 2017 йилнинг 3 ойи давомида 342 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 91 тага ошган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида туман прокуратурасининг бевосита аралашуви билан 99 та, шундан янги ташкил қилинган тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан 35 нафар, квота асосида 64 нафар шахслар ишга жойлаштирилиши таъминланган.

Амалий ёрдам кўрсатилиши натижасида 75 та янги иш ўринлари яратилиши таъминланган.

Халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини, партия гуруҳлари, доимий комиссияларнинг ташаббускорлигини ошириш лозим. Тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни Кенгаш йиғилишларида тизимли равишда муҳокама қилиб бориш, депутатлик назоратини кучайтириш зарур. Депутатларнинг ўз сайловчилари билан ишлаш жараёнини яхшилаш, доимий комиссиялар фаолиятидаги юзаки, долзарб бўлмаган масалаларни муҳокама қилиш амалиётига чек қўйиш лозим.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан туманда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан 2017 йил 1-6 май кунлари ўтказилган ўрганиш натижалари маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комплекс чора-тадбирлар режасида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик туман ҳокими ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари зиммасига юклансин.

3. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ж.Бобомуродов)га туман Давлат солиқ инспекцияси (Л.Хайруллаев) билан биргаликда фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлик субъектлари билан суҳбат ўтказиш ҳамда уларнинг фаолиятларини тиклашга амалий ёрдам кўрсатиш топширилсин.

4. Жорий йилнинг 1-6 май кунлари ўрганишлар давомидаги йўл қўйган камчиликлари учун:

Туман ҳокими ўринбосари (Кенжаев)га уч кун муддатда Кармана озиқ-овқат саноати ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи директори М.Норқуловага нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан вилоят бошқармасига тақдимнома киритиш;

Туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ф.Хаджиевга уч кун муддатда туман марказий кўп тармоқли поликлиника мудири, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг бирламчи тиббий санитария масалалари бўйича ўринбосари Н.Саидовга нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш вазифаси топширилсин, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ф.Хаджиев огоҳлантирилсин.

5. Туман тиббиёт бирлашмаси (Ф.Хаджиев) аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини, жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолияти самарадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишини янада яхшилаш, тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин.

6. Туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди халқ депутатлари туман Кенгашининг 2017 йил 2 мартда ўтказилган сессияси қарори ижросини таъминлаш, хусусан, ҳар 15 кунда ҚВПлар ва янгидан ташкил этиладиган оилавий поликлиникалар раҳбарларининг фуқаролар йиғини олдида ҳисоботларини эшитиш ишларини ташкиллаштиришга кўмак берсин.

Ушбу эшитувлар ўз вақтида ташкил этилмаган ҳар бир ҳолат юзасидан туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раисига нисбатан чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилсин.

7. Туман Давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази (Ғ.Хамроев)га 10 кун муддатда туманда юқумли касалликларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш, бу борада аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, туман чиқиндихонасини тартибга келтириш ва аҳоли пунктларидан чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши шунингдек, тумандаги деҳқон бозори ҳудудининг санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқсин.

8. Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши ҳузуридаги “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали тадбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия” (С.Базарова)га фаолиятини самарали йўлга қўйиш, соҳани ривожлантириш учун таъсирчан чоралар кўриш ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни туман Кенгаши сессиясида тақдим этиш топширилсин.

9. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ж.Бобомуродов)га аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари (ун, ўсимлик ёғи ва  бошқа) билан ўз вақтида ва етарли миқдорда таъминлаш, уларни аҳолига тарқатиш билан шуғулланувчи корхоналар жойлаштирилишини танқидий қайта кўриб чиқиш топширилсин.

10. “Ғарбгазтаъминот” корхонасининг Кармана тумани филиали (Ш.Рустамов):

туман газ идораси ва истеъмолчилар ўртасидаги қарздорлик юзасидан тафовутларни бартараф қилсин;

аҳолига суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказиб бериш мақсадида хизмат кўрсатиш сервис шохобчаларини қуриш топширилсин;

мавжуд табиий газ қувурларини жорий таъмирлаш, бўяш ва эскирган қувурларни алмаштириш чораларини кўрсин;

аҳоли, айниқса бюджет ташкилотларида ишловчиларнинг иш ҳақидан ортиқча асоссиз тўлов ундирилаётганлигига қатьий чек қўйсин.

11. Туман электр тармоқлари корхонаси (Н.Бобомуродов):

истеъмол қилинган электр энергиясидан юзага келган қарздорликларни қисқартириш;

мавжуд электр энергияси тармоқларини кўриб чиқиш, эскирган тармоқ линияларини алмаштириш ва трансформаторларни таъмирлаб, доимий равишда ишлашини таъминлаш чораларини кўрсин.

12. “Сувоқова” давлат унитар корхонаси Кармана тумани филиали (Б.Ташев)га тумандаги сув йиғиш иншоотлари, сув қувурлари, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш топширилсин.

13. Туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси (А.Жалилов) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат ишларини кучайтирсин, қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларига муросасиз курашсин ва айбдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриб борсин.

14. Туман прокурори (Ш.Каримов), туман вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, касб-ҳунар коллежлари директорлари билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг дарсларга тўлиқ қатнашини доимий назоратга олсин ва таъминласин.

15. Туман ҳокимининг ўринбосари (Э.Кенжаев)га халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими масъул ходимларидан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузиб, тумандаги умум таълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг таминланганлик ҳолатини хатловдан ўтказиш ва таъмирталаб биноларни давлат дастурига киритиш юзасидан таклифлар киритиш топширилсин.

16. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази (М.Шарипова)га ташкил этилган иш ўринларини ҳисобга олиш ва мониторингини юритиш, йўналишлар ва ҳудудлар кесимида янгидан ташкил этилаётган иш ўринлари тўғрисидаги кўрсаткичларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчилари, ҳарбий хизматдан ва чет давлатлардан қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш чораларини кўриш ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли доимий комиссиялари билан дастур ижроси юзасидан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш топширилсин.

17. Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутатларига ўзлари сайланган сайлов округи ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда ижтимоий аҳволини ўрганиб бориш, аниқланган ҳар бир муаммонинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш топширилсин.

18. Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашининг доимий комиссиялари ўз мажлисларида мазкур Қарорнинг ижросини таъминлаш учун масъул бўлган мутасадди ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш, Қарор ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган масъул шахсларнинг ўз лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш юзасидан таклифлар киритсин.

19. Туман ҳокими (Ф.Умаров) мазкур Қарор ижро этилиши юзасидан:

2017 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, туман прокурори (Ш.Каримов), туман ички ишлар бўлими бошлиғи (И.Тиллаев) ва бошқа масъул ташкилот раҳбарлари билан биргаликда халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашига;

ҳар чорак якуни бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига ёзма ахборот тақдим этиши белгилансин.

20. Ушбу Қарор “Кармана овози” газетасида ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

21. Ушбу Қарор нусхаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига юборилсин.

22. Ушбу қарор ижросининг назорати туман Кенгаши ҳузуридаги Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.

Кенгаш раиси             Ф. УМАРОВ

2017 йил 6 май № 33/127