ТЕГИШЛИ МАСАЛАЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ


   Куни кеча халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг навбатдан ташқари ўттизинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни Кенгаш раиси Ф. Умаров бошқариб борди.
Сессияда халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутатлари, ташкилот ва корхона раҳбарлари, тиббиёт соҳаси ходимлари иштирок этишди.
Кун тартибидаги биринчи масала, яъни аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори-дармон воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали тадбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, бу соҳада депутатлар ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ф.Хаджиевнинг маърузаси тингланди.
Ҳозирги кунда туманимизда тиббиёт соҳасида 177 нафар врач ҳамда 983 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият олиб бормоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси тизимида 16 та қишлоқ врачлик пункти, 1 та кўп тармоқли поликлиника ва 1 та марказий шифохона аҳолига хизмат кўрсатади. Ф. Хаджиев ўз ҳисоботида соҳада олиб борилаётган ишлар, ўзгаришлар ва галдаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Сессия ишида ташкилий масала кўрилди. Бобомуродов Жамшид Жўраевич туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Эргашев Дилмурод Бекмурадович туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Кун тартибидаги асосий ва қўшимча масалалар депутатлар томонидан муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.

07.03.2017